Фестиваль орқали миллий бирдамлик ғоялари кенг тарғиб этилди
Сирдарё вилоятида Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ташкил этилган “Мустақиллик тўйи” фестивали доирасида миллий бирдамлик, ватанпарварлик ва маънавий қадриятларни тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли тадбирлар ўтказилди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган фестиваль “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида юқори руҳда бўлиб ўтди.

Тадбирлар давомида таниқли адиблар, санъаткорлар, маданият ва маърифат намояндалари иштирокида маънавий-маърифий учрашувлар, концерт дастурлари ва ижодий лойиҳалар ташкил этилди. Фестиваль доирасида “Мустақиллик маршлари”, “Яхшилик карвони”, “Шижоат”, “Шукроналик”, “Китоб карвони” ҳамда “Умуммиллий бирдамлик” каби лойиҳалар амалга оширилди.

Мирзаобод туманида хорижда таҳсил олаётган ватандошлар билан онлайн мулоқот ташкил этилди. Учрашувда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда халқаро таълим тажрибалари ҳақида фикр алмашилди. Шунингдек, уй таълимида таҳсил олаётган болалар ҳолидан хабар олиниб, уларга ўқув анжомлари топширилди.

Фестиваль доирасида ҳарбий қисмларда “Шижоат” лойиҳаси ўтказилиб, ватанпарварлик ғоялари кенг тарғиб этилди. Тадбирларда ҳарбий хизматчилар ва ёшлар иштирок этиб, Ватанга садоқат, тинчлик ва барқарорликнинг аҳамияти ҳақида маънавий суҳбатлар олиб борилди.

Шунингдек, туман ва шаҳарларда гала-концертлар, оммавий юришлар ҳамда маданий-маърифий учрашувлар ташкил этилди. Уларда маҳалла аҳолиси, ёшлар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик фаол иштирок этди.
Фестиваль доирасида “Китоб карвони” лойиҳаси орқали ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Турли бадиий ва илмий-оммабоп адабиётлар тақдим этилди, интеллектуал ўйинлар ўтказилди.
Шунингдек, “Яхшилик карвони” лойиҳаси доирасида эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга амалий ёрдам кўрсатилди.

— Мазкур фестиваль ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, турли лойиҳалар доирасида ташкил этилган тадбирлар аҳоли ўртасида бирдамликни кучайтириб, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилади, — дея таъкидлади тадбирда иштирок этган Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Мурод Ҳайитов.

Бир сўз билан айтганда, Сирдарё вилоятида ўтказилган “Мустақиллик тўйи” фестивали жамиятда бирдамлик, ҳамжиҳатлик ва маънавий юксалиш руҳини янада мустаҳкамлади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири