Фестиваль кўтаринки кайфиятда давом этмоқда
Сирдарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган "Мустақиллик тўйи" фестиваллари кўтаринки кайфият ва юксак ташкилий савияда давом этмоқда.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида, энг чекка маҳаллаларгача ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар, халқ сайиллари, спорт мусобақалари, китобхонлик акциялари ва маданий дастурлар юртдошларимизни “Бир Ватан, бир халқ, бир мақсад” ғояси атрофида янада жипслаштирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат мустақиллигининг 35 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги қарорида байрам тадбирларини “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” бош ғояси асосида ташкил этиш, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни аҳолига кенг тарғиб қилиш, ёшларда Ватан тақдири учун дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида белгиланган. Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ҳар бир тадбир айнан шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Сирдарё вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси, вилоят Маданият бошқармаси ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамкорлигида Сирдарё, Сайхунобод, Боёвут, Мирзаобод, Оқолтин, Сардоба, Ховос, Гулистон туманлари ҳамда Гулистон, Ширин ва Янгиер шаҳарларида юзлаб маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Фестивал дастуридан жой олган “Китоб карвони”, “Яхшилик карвони”, “Шукроналик”, “Умуммиллий бирдамлик”, “Миллат фидойилари”, “Зиёрат одоби”, “Янги Ўзбекистоннинг бахтиёр болалари”, “Кинокарвон” ва “Мустақиллик маршлари” каби лойиҳалар аҳоли, айниқса, ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Китоб кўргазмалари, миллий халқ ўйинлари, фольклор чиқишлари, “Заковат” интеллектуал беллашувлари, концерт дастурлари ва спорт мусобақалари мустақиллик байрамининг мазмун-моҳиятини янада бойитмоқда.

Янгиер шаҳридаги Бинокор маҳалласи ҳамда Ховос туманидаги Зиёлилар боғида Тинчлик ва Дўстлик маҳаллалари аҳолиси иштирокида ўтказилган “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” оммавий юриш марафони, Боёвут тумани Муқимий маҳалласида ташкил этилган “Мустақиллик маршлари”, Сардоба тумани Янгиқишлоқ маҳалласидаги «Шукроналик» учрашувлари ҳамда Сирдарё туманининг Элобод ва Қуёш маҳаллаларидаги маърифий мулоқотлар байрам тадбирларининг энг ёрқин саҳифаларига айланди.
Мазкур тадбирларда таниқли санъаткорлар, “Маърифат тарғиботчилари” гуруҳи вакиллари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ёшлар, спортчилар, таълим муассасалари жамоалари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Учрашувларда мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллик тараққиёт йўли, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, юртимиздаги тинчлик ва барқарорлик, халқ фаровонлиги йўлидаги бунёдкорлик ишлари ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Ватан, тинчлик ва эзгуликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади. Самимий мулоқотлар давомида фуқаролар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш, санъат ва маърифат аҳли билан очиқ мулоқот қилиш имконига эга бўлдилар.
— Энг муҳими, бу каби маънавий-маърифий ва тарғибот тадбирлари Сирдарё вилоятида юксак савия ва кўтаринки руҳда давом этмоқда. Уларнинг асосий мақсади аҳоли, айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур, фидойилик ва Янги Ўзбекистон тараққиётига дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамлашдан иборат, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Муроджон Хаитов.

Фестивалларда турли миллат ва элат вакилларининг фаол иштироки байрамга янада ўзига хос мазмун бағишлади. Улар миллий маданияти, урф-одатлари ва санъати орқали мамлакатимизда қарор топган миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини яна бир бор намоён этдилар.

— Мустақиллик — юртимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элат вакилларини ягона Ватан туйғуси, умумий тақдир ва муштарак орзу-мақсадлар атрофида жипслаштирган бебаҳо неъматдир. Бу муқаддас заминда миллатидан, тили ва урф-одатидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг қалбида Ватанга муҳаббат, тинчликка садоқат ва келажакка ишонч яшайди. Шу боис “Бир Ватан, бир халқ, бир мақсад” ғояси бугун нафақат эзгу шиор, балки Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этаётган барча юртдошларимизнинг ҳаётий эътиқодига айланди. Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшиш, унинг тинчлиги ва фаровонлигини асраш эса ҳар биримизни бирлаштирадиган энг юксак бурч ва фахрдир, — дейди Тожик миллий маданий маркази раҳбари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мунаввар Пардаев.

Боёвут туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Меҳринисо Эшонхонованинг фикрича, мустақиллик фестиваллари аҳоли, айниқса, ёшларни ватанпарварлик, фуқаролик масъулияти ва ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
— Бундай тадбирлар нафақат Боёвут туманида, балки бутун Сирдарё вилоятида кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилаётгани халқимизнинг мустақиллик ғояларига садоқати, Ватан тараққиётига дахлдорлик ҳисси ва эртанги кунга бўлган мустаҳкам ишончини яққол намоён этмоқда. “Бир Ватан, бир халқ, бир мақсад” ғояси одамларни эзгу мақсадлар атрофида бирлаштириб, жамиятимизда ҳамжиҳатлик ва бунёдкорлик муҳитини янада мустаҳкамламоқда, — дейди Меҳринисо Эшонхонова.

Бугун Сирдарё вилоятидаги ҳар бир маҳаллада ўтказилаётган фестиваллар шунчаки байрам эмас. Улар Ватанга муҳаббат, миллий ғурур, китобхонлик, маърифат, соғлом турмуш тарзи, миллатлараро тотувлик ва инсон қадрини улуғлаш ғояларини ҳаётга татбиқ этаётган улкан маънавий ҳаракатдир.

Энг муҳими, “Мустақиллик тўйи” фестиваллари мустақилликнинг беқиёс қадрини, халқимиз бирдамлигини ва Янги Ўзбекистон тараққиётига дахлдорлик туйғусини янада мустаҳкамламоқда. Бугун “Бир Ватан, бир халқ, бир мақсад” ғояси сирдарёликларни умумий мақсад йўлида бирлаштираётган, юрт равнақи учун масъулиятни янада кучайтираётган ҳаётий тамойилга айланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири