Фаровон юртга ободлик ярашади
Бугун эрта тонгдан Қашқадарё вилоятининг барча ҳудудларида, идора ва ташкилотларда хайрия ҳашари бошланди.
Вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қашқадарё вилояти бўлими ҳамкорлигида “Маҳалла ободлиги – юрт фаровонлиги” шиори остидаги хайрия ҳашари муносабати билан вилоят штаби фаолият бошлади.
12:00 га қадар олинган маълумотларга кўра, вилоят бўйича 500 минг нафардан ортиқ ишчи ва ходимлар хайрия ҳашарида иштирок этган. Бу борада ёшлар алоҳида ташаббус кўрсатди. Буни иштирок этганларнинг ярмидан кўпини ёшлар вакиллари ташкил этганидан ҳам кўриш мумкин.
Ҳашарчилар томонидан ўтган вақт давомида 700 гектарга яқин ҳудуд ободонлаштирилди, 600 тоннага яқин маиший ва қурилиш чиқиндилари чиқариб ташланди, 72 километр ариқлар тозаланди, 529 та қабристон ва 43 та зиёратгоҳ ободонлаштирилди, 48 минг тупдан зиёд манзарали, 25 минг тупдан ортиқ мевали дарахт кўчатлари экилди, 100 минг донадан ортиқ гул кўчатлари ўтказилди. Мазкур ишлар учун 196 та техника жалб қилинди.
Шунингдек, хайрия ҳашари давомида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам муайян ишлар амалга оширилди.
– Обод ва фаровон юртга тозалик озодалик ярашади, – дейди “Маҳалла” фонди вилоят бўлим бошқаруви шўъба мудири Сухроб Мустафаев. – Ҳашар халқимизга хос азалий қадрият десам адашмайман. Боиси ота-боболаримиз азал-азалдан бирлашиб, мана шундай катта ҳашарлар ташкил қилиб, ҳудудларни обод қилган, улкан қурилишларни олиб борган, канал ва ариқлар қазиган. Бугун вилоятимиз бўйлаб ташкил қилинган умумхалқ ҳашарида ҳам барча қалб амри билан иштирок этмоқда. Хусусан, ҳашар давомида айни пайтга қадар вилоят бўйича 79 та кам таъминланган оилаларнинг 2983 квадрат метр уй-жойлари таъмирланди. Ушбу мақсадлар учун 35 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланган бўлса, шундан 27 миллион 272 минг сўми “Маҳалла” фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди. Шунингдек ҳудудлар кесимида 179 та эҳтиёжманд ва ногиронлиги бор оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Вилоятнинг барча туманларида хайрия ҳашари давом этмоқда.
[gallery-6901]
Ўлмас Баротов,
ЎзА.