Фармон Тошев билан ижодий мулоқот (+видео)
Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёзувчи ва шоир Фармон Тошев билан ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Туман ҳокими тадбирни очар экан, китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёшларни миллий қадриятлар ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда адиб ва шоирларнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади. Шу билан бирга, Фармон Тошевнинг кўп йиллик самарали ижодий фаолияти, журналистика ва адабиёт ривожига қўшган муносиб ҳиссаси юксак эътироф этилди.


Фармон Тошев учрашув давомида ўзининг ижодий изланишлари, ҳаёт йўли ва қалам аҳлининг жамият тараққиётидаги масъулияти ҳақида сўз юритди. Адиб янги асарлари, шеърлари ва хотираларидан намуналар ўқиб бериб, ёшларни китоб билан дўст бўлишга, мустақил фикрлашга ва Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшашга чақирди.
Тадбир давомида иштирокчилар томонидан адабиёт, журналистика, ижод сирлари ва ҳаётий тажрибага оид қатор саволлар берилди. Фармон Тошев ҳар бир саволга атрофлича жавоб қайтариб, ўз тавсия ва маслаҳатларини билдирди.


Учрашув давомида шоир Ватан, инсон қадри, меҳр-оқибат ва маънавият мавзуларига бағишланган шеърларидан намуналар ўқиди.
Ижод мухлислари Фармон Тошевга самимий миннатдорлик билдирди. Бундай маънавий-маърифий учрашувлар ёш авлоднинг интеллектуал ва маънавий камолотига хизмат қилиши қайд этилди. Иштирокчилар эса адиб билан эсдалик суратларига тушиб, унинг китобларидан дастхат олиш имкониятига эга бўлди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/JhkbsHECT0s" title="Farmon Toshev bilan ijodiy muloqot" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА