Фарғонада замонавий гимнастика тайёрлаш маркази фойдаланишга топширилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида гимнастика спорт турларига ихтисослаштирилган, халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий тайёрлаш марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги «Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, спорт соҳаси вакиллари, мураббийлар ҳамда ёш спортчилар иштирок этди.
Умумий майдони 1,3 гектарни ташкил этувчи марказнинг лойиҳа қиймати 66,9 миллиард сўмни ташкил этади. Қурилиш ишлари «Ўзавтосаноат» АЖ маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 174 ўринли ётоқхона ва 100 ўринли ошхона барпо этилди, мавжуд спорт заллари капитал таъмирланди, ҳудуд тўлиқ ободонлаштирилиб, замонавий муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси яратилди. Шунингдек, Спорт вазирлиги томонидан марказ гимнастика машғулотлари учун мўлжалланган 91 турдаги замонавий спорт жиҳозлари билан таъминланди.
Спортчилар ва мураббийлар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан замонавий ISUZU русумли автобус харид қилиниб, марказ янги мебеллар ҳамда зарур ошхона жиҳозлари билан таъминланди.
[gallery-30439]
Тадбирда қайд этилганидек, мазкур марказ гимнастика спорт турларини оммалаштириш, иқтидорли ёшларни саралаб олиш, уларнинг маҳоратини ошириш ҳамда халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган юқори малакали спортчиларни тайёрлашда муҳим ўрин тутади.
Муқимжон ҚОДИРОВ(сурат),ЎзА