Фарғонада “яшил” таъмирлаш бошланди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги "2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида энергия самарадорлигини ошириш ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар белгиланган.
Жумладан, ушбу қарорга мувофиқ, “маҳалла еттилиги” хулосаси асосида Ижтимоий реестрга киритилган 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган оилалар хонадонларида “яшил” таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Бунда мазкур тоифадаги оилалар яшайдиган хонадонларнинг девор ва том қисмларини изоляция қилиниб, энергия тежамкор дераза ва эшиклар, шунингдек, қуёш панеллари ёки гелиоколлекторлар ўрнатилади.

Фарғона вилоятида 263 та хонадонда “яшил” таъмирлаш ишларини олиб бориш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 14,34 млрд сўм маблағ йўналтирилади. Таъмирланиши белгиланган хонадонларнинг 215 таси ҳовли уйлари, 48 таси эса кўп қаватли уйлардаги квартиралар ҳисобланади.


Баҳодир Турсунбоев Фарғона шаҳридаги Жўйдам маҳалласида яшайди, 1- гуруҳ ногиронлиги мавжуд. У яшаб турган уй-жой қурилганига бир неча ўн йил бўлди, ҳозир анчайин таъмирталаб ҳолда: томдан чакки, пол қисмидан зах ўтади, деворлари эса нурашни бошлаган. Табиийки, уй эгасининг ногиронлик нафақаси куз-қиш мавсумида уйни иситишга аранг етади. Мана энди, давлатимиз раҳбарининг қарори Баҳодирнинг уйини энерго тежамкор, кўнглини эса ҳотиржам қилади.


– Президент қароридан ўксик кўнглим тоғдек кўтарилди, – дейди Баҳодир Турсунбоев. – Уйимга келган ижтимоий ҳимоя соҳаси мутахассислари ҳамма камчиликларни қоғозга туширдилар. Кейин зарур қурилиш материалларини олиб келишди ва таъмирлаш бошланди. Уйимиз томи янгиланди. Энди хоналар шифти ва эшик-деразаларни алмаштиришяпти. Инсон қадрини эъзозлаган давлатимизга раҳмат!
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА