Фарғонада қувватли трансформаторлар ўрнатилмоқда (+видео)
Қиш ғамини ёзда е, деган нақл бор. Зеро, ҳар йили қиш мавсуми олдидан электр таъминотида узилишлар бўлмаслиги, аҳоли ва истеъмолчиларнинг барқарор электр энергияси билан таъминланиши ваъда қилинади. Аммо қиш келиб, ҳаво совиши билан электр қувватига бўлган талаб кескин ортиб, тармоқларга тушадиган юклама ҳам кўпаяди. Бу эса айрим ҳудудларда мавжуд инфратузилманинг зўриқишига, баъзан эса электр таъминотида узилишлар юзага келишига сабаб бўлади.
Шу боис Фарғона вилоятида электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Фарғона вилояти электр тармоқлари корхонаси тегишли ҳокимликлар ва вазирлик билан ҳамкорликда Осиё тараққиёт банки кредит маблағлари ҳисобидан электр таъминотида муаммоли бўлган ҳудудларда янги, юқори қувватли трансформаторлар ўрнатиш ишларини бошлаган. Жумладан, Қўқон ва Марғилон шаҳарлари, Қўштепа туманида бундай лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Давлат томонидан аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондириш мақсадида халқаро молия институтларидан жалб этилаётган ташқи қарз маблағлари аниқ мақсадларга йўналтирилиб, электр тармоқларини модернизация қилиш ва янги инфратузилма объектларини барпо этишга сарфланмоқда. Ана шундай лойиҳалардан бири Қўштепа туманида амалга оширилмоқда.
Тўғри, бу ҳудудда илгари ҳам трансформатор мавжуд эди. Аммо қиш ойларида электр энергияси истеъмоли кескин ортиши натижасида у юқори юклама остида ишлаб, тез-тез таъмирталаб ҳолатга келарди. Бу эса айрим пайтларда истеъмолчиларнинг вақтинча электр қувватидан узилишига сабаб бўларди.
– Мазкур объект қурилиши йил якунига қадар тугалланиб, 2027 йил бошида фойдаланишга топширилади. Шундан сўнг тармоқдаги кучланиш даражаси ошади ва амалдаги трансформаторга тушаётган юклама камаяди. Натижада аҳоли истеъмоли учун етказиб берилаётган электр энергиясининг сифати ва кучланиши яхшиланади, – дейди “Насафэлектромонтаж” МЧЖ участка бошлиғи Жўрабек Мирзалиев.
Қурилаётган иншоот ва унда ўрнатиладиган трансформаторлар замонавий талаблар асосида жиҳозланади. Бунинг натижасида электр энергиясини узатиш жараёнидаги табиий йўқотишлар миқдори беш баробаргача камайиши кутилмоқда. Шунингдек, объектда соатига 40 минг киловатт қувватга мўлжалланган иккита трансформатор ўрнатилади.

– Илгариги трансформаторлар қўлда бошқарилар эди. Янги ускуналар эса электрон тизимга эга бўлиб, марказий пульт орқали бошқарилади. Бу, ўз навбатида, тизимни самарали назорат қилиш ва электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш имконини беради, – дейди Жўрабек Мирзалиев.
Дарҳақиқат, Президент раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишларида энергетика соҳаси олдига қўйилаётган вазифалар, аввало, ана шундай амалий ишларни ҳаётга татбиқ этишни тақозо этмоқда. Зеро, янги қувватларни ишга тушириш, мавжуд тармоқларни модернизация қилиш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/zl5EtadxGY4" title="FARONADA QUVVATLI TRANSFORMATORLAR ORNATILMOQDA" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА