Фарғонада чим устида xоккей: муваффақиятлар, рақамлар ва олдиндаги режалар
Тошкент шаҳрида 16 ёшгача бўлган қизлар ўртасида чим устида хоккей бўйича Ўзбекистон кубоги баҳслари бўлиб ўтди. Мусобақада муваффақиятли иштирок этиб, кубокни қўлга киритган Фарғона вилояти жамоаси мураббийи Абдулҳамид Ваҳобов билан жамоанинг бугунги фаолияти ва келажакдаги режалари ҳақида суҳбатлашдик.
– Абдулҳамид ака, аввало ғалаба муборак бўлсин! Бугунги кунда вилоятда чим устида хоккей билан шуғулланаётган ёшлар сони ва шароитлар ҳақида гапириб берсангиз.
– Ташаккур. Бугунги кунда федерациямиз томонидан Қува, Тошлоқ, Қўштепа, Ёзёвон туманлари ҳамда Қўқон ва Фарғона шаҳарларида чим устида хоккей бўлимлари ташкил этилган. Вилоятимизда сунъий қопламали майдонларда умумий ҳисобда 567 нафар ёш ушбу спорт тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Уларнинг 400 нафари қиз, 167 нафари ўғил боладир.

– Яқинда қўлга киритилган Ўзбекистон кубоги баҳслари қандай кечди?
– Ўзбекистон кубоги учун мамлакатимизнинг 8 та энг кучли жамоаси икки гуруҳга бўлинган ҳолда кураш олиб борди. Жумладан, Наманган, Қашқадарё, Бухоро ва Тошкент шаҳри жамоаларига қарши кечган муросасиз ўйинларда қизларимиз юқори маҳорат ва матонат кўрсатишди.
Ярим финалда Тошкент шаҳри жамоасини мағлуб этиб, финалга йўл олдик. Ҳал қилувчи баҳсда эса Хоразм хоккейчилари устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозониб, Ўзбекистон кубогини Фарғонага олиб келдик.
– Жамоанинг олдинда турган асосий режалари ва мусобақалари ҳақида тўхталсангиз.
– Бу йилги режаларимиз жуда катта. Айни пайтда бир нечта ёш тоифалари бўйича тайёргарликни давом эттиряпмиз, 24–29 август кунлари Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги турнирда қатнашамиз. Ноябрь ойи охирида Бухоро ва Хоразмда ўтказиладиган Президент олимпиадасининг финал босқичида иштирок этамиз. Бу мусобақага 12–14 ёшли иқтидорли қизларимиздан иборат терма жамоани пухта тайёрлаяпмиз.

Мақсадимиз ягона – барча ёш тоифаларидаги мусобақаларда Фарғона чим устида хоккей мактабининг юқори мавқеини сақлаб қолиш ва фақат биринчи ўринлар учун курашиш.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА