Фарғонада 11 апрель – Бошланғич партия ташкилотлари куни кенг нишонланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилоятида 11 апрель санаси “Бошланғич партия ташкилотлари куни” сифатида кенг нишонланмоқда. Мазкур ташаббус Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилоят Кенгаши томонидан илгари сурилган бўлиб, партия тизимида қуйи бўғинлар фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга хизмат қилмоқда.
Жумладан, “Йилнинг энг яхши бошланғич партия ташкилоти етакчиси” кўрик-танлови орқали ташаббускор, фидойи ва етакчилик салоҳиятига эга партия аъзолари саралаб олиниб, муносиб тақдирланмоқда. Бу эса партия тизимида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, замонавий фикрлайдиган, юқори интеллектуал салоҳиятга эга кадрларни аниқлаш ва уларнинг бошқарув тизимида “социал лифт” тамойили асосида ўсишига замин яратмоқда.
Шунингдек, ҳар йили март–апрель ойларида вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан бошланғич партия ташкилотларида ҳисобот-сайлов йиғилишлари ўтказилиб, партия фаолиятининг долзарб масалалари муҳокама қилинмоқда ҳамда келгуси вазифалар белгилаб олинмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Фарғона вилоят ташкилоти томонидан бошланғич партия ташкилотлари сафини кенгайтириш, уларнинг самарадорлигини ошириш ва партия билан алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда вилоятда 934 та бошланғич партия ташкилоти фаолият юритмоқда.
[gallery-28699]
— Замонавий сиёсий партия нафақат қарор қабул қилувчи, балки ҳар бир фуқаро қалбига йўл топувчи ташкилот бўлиши лозим, - дейди Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси Шоҳруҳ Ўктамов. — Шу жиҳатдан, бошланғич партия ташкилотлари фаоллигини ошириш партиянинг халқ олдидаги нуфузини янада мустаҳкамлайди. 11 апрель – “БПТ куни” йилдан-йилга кенг нишонланиб, истиқболда бошланғич партия ташкилотлари етакчилари учун ўзига хос касб байрамига айланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА