Фарғона тиббий хизмат марказига айланмоқда (+видео)
Тиббиётда хусусий секторнинг салмоғи ошиб бораётир. Чунки давлат уларни қўллаб-қувватлаб қўшимча шароитлар яратиб бермоқда.
Фарғона вилоятида ҳам соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ҳамда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда хусусий секторнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида 87 та янги диагностика ва даволаш муассасаси ташкил этилиб, вилоят ушбу йўналишда республикада етакчи ҳудудлардан бирига айланди.

Мана энди Фарғона шаҳрида жанубий кореялик инвесторлар билан ҳамкорликда “Euro Med Family” МЧЖ томонидан барпо этилган, замонавий технологиялар асосида жиҳозланган янги тиббиёт маркази фойдаланишга топширилди.

Тантанали тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини изчил ривожлантириш, аҳолига замонавий ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади.

Фарғона вилояти бугунги кунда нафақат маҳаллий аҳолига, балки қўшни республикалардан келаётган минглаб беморларга ҳам юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатаётган, тиббий туризм ривожланаётган ҳудуд бўлиб қолди.

“Euro Med Family” МЧЖ томонидан барпо этилган мазкур тиббиёт маркази ҳам аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ва эзгу ташаббуслардан бири ҳисобланади.
Қиймати 5 миллион долларни ташкил этувчи ушбу марказ илғор тиббий ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, бу ерда барча қулай шарт-шароит яратилган ва юқори малакали мутахассислар фаолият олиб боради.

Энг муҳими, аҳолига сифатли ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш учун барча қулайлик мавжуд бўлиб, 200 та янги иш ўрни яратилди.
Марказда травматология, гинекология, ЛОР, ортопедия, нейрохирургия, реанимация каби бўлимлар ҳамда замонавий диагностика хизмати йўлга қўйилган.
Тадбирда кореялик ҳамкор Жай Ёнг Нам ва тадбиркор Зиёдулло Омонов сўзга чиқиб, мамлакатимизда тадбиркорлар ва инвесторларга яратилаётган кенг имкониятлар, қўллаб-қувватлаш ва амалий кўмак учун миннатдорлик билдирди.
– Марказ нафақат вилоят аҳолиси, балки қўшни давлатлардан келувчи беморлар учун ҳам сифатли хизмат кўрсатувчи нуфузли тиббиёт муассасаларидан бири бўлиб қолади, – деди Жай Ёнг Нам.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/sM9MUpWZ2as" title="Farg‘ona tibbiy xizmat markaziga aylanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА