Фарғона мевалари Малайзия бозоридан муқим жой эгаллади
Дунёда турли хил мева етиштирадиган давлатлар жуда кўп. Аммо иқлими тўрт фаслнинг об-ҳавосини кўрган, 40-50 даражали қуёш нурларидан баҳра олган мевалар фақат Ўзбекистонда бўлади.
Олтиариқнинг бири-бирига туташ боғларида пишиб етилган узумлар мазаси ва таркибидаги шифобахш витаминлари туфайли дунёнинг барча қитъаларини забт этди. Мана энди Фарғона заминининг мевалари Малайзия бозорларидан муқим жой топди.

Малайзиянинг “Syabab Trading Sdn Bhd” ҳамда “Mufaz Group Sdn Bhd” компаниялари вакилларидан иборат делегация Фарғона вилоятида бўлди.
Меҳмонлар вилоятдаги маҳаллий боғлар, қадоқлаш корхоналари ҳамда экспортчи корхоналар фаолияти билан танишиб, соҳада амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо бердилар. Хусусан, икки кунлик дастур доирасида “Oltiariq agro-505” масъулияти чекланган жамиятида мева маҳсулотларини сақлаш, саралаш ва қадоқлаш тизимлари билан танишилди. Делегация аъзолари "Quva-Agro Star” МЧЖ да ишлаб чиқариш қувватлари ва экспорт йўналишларига қизиқиш билдиришди.

Қўқон шаҳрида ўтказилган музокараларда эса “Syabab Trading Sdn Bhd” ҳамда “KK24” МЧЖ ўртасида 900 миллион долларлик йирик шартнома имзоланди.
Мазкур ҳамкорлик туфайли Фарғонанинг сархил ва хуштаъм мевалари Малайзия халқи дастурхонидан ҳам муносиб ўрин олади.
Муҳаммаджон Обидов,
ЎзА