Фарғона давлат техника университетида қабул жараёнлари билан таништирилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона давлат техника университетида 2026/2027 ўқув йили учун бакалавриат таълим йўналишларига қабул жараёнларига бағишланган матбуот анжумани ва пресс-тур ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда давлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этди.
Матбуот анжуманида университет қабул комиссиясининг масъул котиби Азиз Хўжаев янги ўқув йили учун қабул жараёнлари, янгидан очилган таълим йўналишлари ҳамда ажратилган қабул квоталари хусусида маълумот берди.
Университет ректори, профессор Рустам Тожиев таъкидлаганидек, қабул жараёнларининг очиқлиги, шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлаш мақсадида қабул комиссияси қайта шакллантирилиб, унинг таркибига тажрибали ва малакали мутахассислар жалб этилган. Абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналарига қулайлик яратиш мақсадида «Call center» ва «Маслаҳат маркази» ташкил этилган бўлиб, бу ерда 20 нафардан ортиқ масъул ходим мурожаатларга тезкор жавоб бермоқда.
[gallery-30128]
Тадбир якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.
Пресс-тур давомида иштирокчилар қабул жараёнларида коррупциянинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда хавфсиз таълим муҳитини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Шунингдек, улар Сунъий интеллект лабораторияси, Ахборот-ресурс маркази, Масофавий таълим маркази ҳамда барпо этилаётган «Airoinjinering» технопарки фаолиятини кўздан кечирди.
Қайд этилганидек, «Airoinjinering» технопарки қишлоқ хўжалиги соҳасига инновацион технологияларни жорий этиш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Лойиҳа доирасида замонавий лабораториялар, тажриба майдонлари ва инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этиш учун зарур инфратузилма яратилмоқда.
2025 йил октябрь ойида бошланган қурилиш ишлари якунлангач, мазкур технопарк университетнинг илмий ва инновацион салоҳиятини янада ошириш, талабалар ҳамда ёш тадқиқотчиларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, аграр соҳада илғор ечимларни кенг жорий этишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА