Фарғона аҳли биздан янада катта натижа кутяпти – Президент
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
Вилоятда 15 минг гектар саноатлашган боғ ва токзор яратилди, яна 6 минг гектари янгиланди. Бугун ишнинг кўзини билган боғбонлар гектаридан 500 миллион сўмгача даромад оляпти.
Мева-сабзавот экспорти 3 карра кўпайиб, 400 миллион долларга етди. Бу республикада энг яхши кўрсаткич.
Фарғона, Сўх, Қува туманлари, Марғилон ва Қўқон шаҳрида туризм жадал ўсмоқда. Тўққиз йилда 3 минг ўринли меҳмонхона ва меҳмон уйлари ишга тушди. Ўтган йили хорижий туристлар илк бор 500 мингдан, маҳаллий сайёҳлар эса 3 миллиондан ошди. Туризм экспорти 185 миллион долларга етди.
–Фарғона аҳли биздан янада катта натижа кутяпти, – деди Президентимиз.
Жорий йил Фарғона вилояти раҳбарияти олдида иқтисодиётни 9,1 фоизга, саноатни 9 фоизга ўстириш, 4,5 миллиард доллар хорижий инвестиция олиб келиш, экспортни 2 карра кўпайтириб, 2 миллиард долларга етказиш вазифалари тургани кўрсатиб ўтилди.
ЎзА