ФарДУ Малайзияда: илм ва маданият уйғунлиги
Малайзиянинг Universiti Teknikal Malaysia Melaka (UTeM) университетида “Ўзбекистон – Малайзия таълим ва маданият кунлари” ҳамда “Университетлар аёл олималари халқаро форуми” юқори савияда ўтказилди.
Мазкур анжуман икки давлат ўртасидаги олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий алоқаларни янада чуқурлаштириш ва аёл олималарнинг инновацион тараққиётдаги ўрнини кенг ёритишга хизмат қилди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон, жумладан, Фарғона давлат университети вакиллари ва талабалари фаол иштирок этди. Айниқса, ёшларнинг халқаро майдондаги иштироки уларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, глобал тафаккурини шакллантириш ҳамда маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этди.

Форум жараёнида университетлараро ҳамкорликни ривожлантириш, илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш, академик алмашинувни кенгайтириш ва маданий интеграцияни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, таълим ва илм-фан соҳасида илғор тажрибаларни жорий этишга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилди.
Анжуманнинг муҳим натижаларидан бири сифатида Фарғона давлат университети ҳамда Universiti Malaysia Pahang Al-Sultan Abdullah (UMPSA) ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумининг имзолангани қайд этилди. Мазкур келишув қўшма таълим дастурлари (double degree), талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма илмий тадқиқотлар, шунингдек, co-teaching ва global classroom каби замонавий таълим шаклларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратади.

Шу билан бирга, тадбир 8-9 апрель кунлари давом этадиган миллий маданият кунлари билан ҳам уйғун тарзда ташкил этилди. Ушбу маданий дастур доирасида Фарғона давлат университети талабалари томонидан миллий мақом санъати ва бошқа анъанавий санъат намуналари намойиш этилди.
Миллий санъатимиз орқали Ўзбекистоннинг бой маданий мероси халқаро иштирокчиларга кенг тарғиб этилаётгани, айниқса, ёшлар ўртасида маданий қадриятларга ҳурмат ва қизиқишни оширади.
Мазкур тадбир таълим, илм-фан ва маданият уйғунлиги асосида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиққан ҳолда, халқаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Нилуфар Бозорова, ЎзА