Фаолликка чорлаган миллий акция
Бухоро вилояти Ёшлар маркази олд майдони ва унга туташ ҳудудлар 14 декабрь куни одатдагидан гавжум бўлди.
Бухоро вилояти Ёшлар маркази олд майдони ва унга туташ ҳудудлар 14 декабрь куни одатдагидан гавжум бўлди. 22 декабрда бўлиб ўтадиган мамлакат Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловлари олдидан бу ерда «Янги Ўзбекистон - янги сайловлар» шиори остида миллий акция ўтказилди.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, маданият бошқармаси, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ҳамда бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тарғибот тадбирида сиёсий партиялар ҳудудий кенгашлари мутасаддилари, сайловчилар, талаба - ёшлар, ҳарбий хизматчилар иштирок этди. Майдон мамлакатимиз Давлат байроғи, сиёсий партиялар байроқлари, уларнинг дастурий шиорлари, турли паннолар билан безатилгани тантанага ўзгача шукуҳ бағишлади.
Тадбирда бу галги сайловларнинг ўзига хос жиҳатлари, жумладан, соҳанинг мутлақо такомиллашган ҳуқуқий асосларини ўзида мужассам этган янги Сайлов кодекси асосида ўтиши, жараёнда халқаро демократик тамойиллар устуворлигини таъминланишига, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида янада дадил қадам ташлашга муҳим омил бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Акцияда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илҳом Фармонов, «Ниҳол» Давлат мукофоти совриндори Дилфуза Қобилова каби таниқли санъаткорлар ҳамда вилоят эстрада хонандалари ўз чиқишлари билан тадбир қатнашчиларига завқу шавқ бағишладилар. Санъаткорлар акция қатнашчиларини мамлакат ижтимоий - сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга сайловларда фаол иштирок этишга чорладилар.
Тадбирнинг викторина ва савол-жавоблар асосида ўтказилиши унга бўлган қизиқишни оширди.
Бу йилги сайловларда Бухоро вилоятидан қарийб 1,2 миллион аҳоли иштирок этиши кутилмоқда. Уларнинг 61 минг 590 нафари илк бор овоз беради.
- Институтимиздаги кўплаб талабалар қатори менинг ҳам ҳаётимда бу йил унутилмас йил бўлади, - дейди Бухоро давлат тиббиёт институти биринчи босқич талабаси Мадина Ражабова. - Илк бор сайловларда қатнашиш жуда масъулиятли. Биз овоз бериш орқали жамиятимиздаги, жумладан таълим соҳасидаги катта ўзгариш ва ислоҳотларни қўллаб- қувватлаган бўламиз.

Тадбирда Бухорода муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар вакиллари ҳам иштирок этди.
- Ҳарбий қисмимизда ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини оширишга, хусусан, сайловларга оид қонунчиликни тарғиб қилишга ҳам катта эътибор қаратилмоқда,- дейди улардан бири Сафарали Ярашев. - Бугунги расмийликдан холи бўлган акция ҳам сайловларнинг мамлакатни демократик янгилашдаги аҳамиятини янада чуқурроқ англашимизга хизмат қилди.
Акция давомида унинг фаол иштирокчилари сиёсий партиялар вилоят кенгашларининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Сайловчиларнинг дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, уларнинг фаол фуқаролик позицияларини намойиш этишига қаратилган тарғибот акциялари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтди.