Фан ва бадиий таълим интеграцияси
Kамолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида «ХХI асрда фан ва бадиий таълим интеграциясининг ривожланиш истиқболлари» мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Республика конференциясида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти, Жиззах давлат педагогика институти, Ўзбекистон давлат хореография академияси, Ўзбекистон давлат консерваторияси, Хоразм Маъмун академияси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва Қорақалпоқ давлат тарихи ва маданияти музейининг 70 дан ортиқ профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари иштирок этди.
Анжуман доирасида дастлаб, талаба-ёшлар ўртасида ташкил этилган «Энг фаол санъатшунос» танловининг ғолиб ва совриндорлари институт ректори томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Конференцияда институт ректори Нодирбек Сайфуллаев бугунги кунда мамлакатимиз фан ва таълим тизимининг ўзаро узвийлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталиб, бу жараёнда институтда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, 2019/2020 ўқув йилида «Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ахборотномаси» илмий журнали ҳамда «Мусаввир» газетаси таъсис этилди. Олий аттестация комиссиясининг тегишли қарорига асосан институт ҳузурида илк бор илмий даражалар берувчи Илмий Кенгаш очилди. Бу Кенгашда жорий йилнинг ўзидаёқ бир қатор докторант ва мустақил изланувчиларнинг ҳимояга чиқиши кўзда тутилмоқда.

– Конференцияда бугунги кун санъатининг энг долзарб масалалари борасида билдирилаётган фикрлар, ўйлайманки, келгусида санъат ривожига ўз ҳиссасини қўшади, – дейди Ўзбекистон давлат консерваторияси доценти, санъатшунослик фанлари номзоди Гулшаной Турсунова. – Бу конференция шунингдек, ёш мутахассислар учун ўзига хос тажриба мактаби вазифасини ўтамоқда.
Илмий-амалий анжуман доирасида шунингдек, “Беш ташаббус – беш имконият”, “Мустаҳкам оила – юрт таянчи" танловлари ғолиб ва совриндорларининг ижодий ишлари жамланган «Ёш ижодкорлар» номли каталог тақдимоти ўтказилди.

ЎзА