Фан ва атом фестивали ёшларни илм-фан ва технологиялар оламига етаклади
“Ўзатом” агентлигининг Атом технологиялари ахборот марказида Фан ва атом фестивали бўлиб ўтди.
Унда Тошкент шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб ҳамда “UK School of Tashkent” ўқувчилари иштирок этиб, илм-фан ва технологиялар соҳасидаги билим ҳамда қизиқишларини янада бойитди.

“Ўзатом” агентлиги ва “Росатом” давлат корпорацияси ҳамкорлигида икки кунлик форматда уюштирилган фестиваль доирасида иштирокчилар учун турли илмий тажрибалар, интерактив машғулотлар ва қизиқарли кўргазмалар ташкил этилди. Ўқувчилар кимёвий ҳамда физик тажрибалар жараёнини кузатиб, атом станциялари фаолияти тамойиллари билан танишди ҳамда энергия ишлаб чиқариш жараёнлари ҳақида билим олди.
Тадбир доирасида “Фантастик лаборатория” интерактив илмий шоуси ҳам намойиш этилди. Унда мураккаб илмий жараёнлар содда, тушунарли ва кўргазмали усулларда ёритилди. Шунингдек, иштирокчилар энергия ишлаб чиқариш жараёнларини моделлаштириш, реактор тузилиши ҳақида маълумот олиш ҳамда замонавий технологияларнинг кундалик ҳаётдаги аҳамияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлди.

Ташкилотчилар фикрига кўра, тадбир Ўзбекистон атом соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш дастури доирасида ташкил этилган бўлиб, ёшларда муҳандислик ва техник йўналишларга қизиқишни кучайтиришга қаратилган. Лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири юқори технологияли соҳалар, жумладан атом энергетикаси учун истиқболли кадрлар захирасини шакллантиришдан иборат.

Жиззах вилояти Фориш туманида ўтказилган фестивалнинг иккинчи кунида Боғдон ва Учқулоч туманларидан келган 7-9 синф ўқувчилари иштирок этди. Тадбир доирасида ёшлар атом технологиялари, келажак касблари ва илм-фан соҳасидаги инновациялар билан танишиб, интерактив машғулотлар, мотивацион учрашувлар ҳамда махсус намойишларда қатнашди. Шунингдек, мактаб кутубхонасига 100 дан ортиқ янги китоблар тақдим этилди.
Таъкидлаш керакки, Фан ва атом фестивали бугун нафақат илм-фанни оммалаштириш, балки ёш авлодни инновациялар ва юқори технологиялар сари руҳлантирувчи муҳим майдонга айланиб бормоқда. Бундай ташаббуслар келажакда мамлакатнинг илмий ва технологик тараққиётига ҳисса қўшадиган билимли, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган ёшлар камол топишига хизмат қилади.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА