Фабиано Каруана: “Нодирбек фавқулодда талант, Жавоҳир ҳар қандай кучли гроссмейстер учун хавфли рақиб”
Яқинда Кипрда якунланган Номзодлар турнирида 2-ўринни эгаллаган Фабиано Каруана мусобақалардан сўнг журналистларнинг саволларига жавоб бериш жараёнида ўзбек шахматчиларининг халқаро мусобақалардаги иштироки хусусида ўз фикрларини билдириб ўтди.
АҚШ шарафини ҳимоя қилиб келаётган тўрт карра Италия, беш марта АҚШ чемпионлигини қўлга киритган, 2016 йилги Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолиби Фабиано Каруана қуйидагиларни гапирди:

"Таниқли гроссмейстер, 2004-2005 йилги ФИДЕ жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов билан 2020-2021 йиллар ўтказилган турнирлар давомидаги суҳбатларимизда ўзбекистонлик иқтидорли ёш шахматчилар ҳақида гапира бошлаган эди. У истеъдодли шахматчи Нодирбек Ёқуббоевни ўзбекистонлик ёшлар орасидаги энг умидли шахматчи, деб таъкидлагани ёдимда. Ҳақиқатан, Ёқуббоевда фавқулодда талант бор. Аммо, натижага эришишда талант билан бирга омад ҳам муҳим роль ўйнайди.
Бу борада Нодирбек Абдусатторовда ҳаммаси мужассам, десам муболаға эмас. Очиғи, шахматчилар ёш ва кучли бўлган бир пайтда қандайдир тахминларни илгари суриш жуда қийин.

Нодирбек Абдусатторов билан илк бор 2021 йилги рапид бўйича жаҳон чемпионатида ўйнаганман. Якунда у ғолиб чиққан эди. Ундан сўнг бир қатор турнирларда унинг ўйинларини кузатдим. Интернет тармоқлари орқали ҳаракатларини таҳлил қилганман. Унинг Олимпиадада жамоасини ғалаба сари етаклай олгани жаҳон шахмати учун шов-шувли воқеликка айлангани кечагидек ёдимда.
Жавоҳир Синдоров ҳақида 2021 йилда эшитганман. У билан илк бор 2023 йилги “Grand Swiss” турнирида тўқнаш келдик. Ўшанда унинг рейтинги унчалик баланд бўлмаса-да, унда ўзига хос кучли идрок борлигини ҳис қилганман. Дебютларда бироз ғалати, “шубҳали” услубда дона сурарди. Ўшанда айнан Жавоҳир ҳар қандай кучли гроссмейстер учун тез орада хавфли рақибга айланишини тушунганман. Унинг Номзодлар турнирида +6 натижа қайд этиши ҳамма учун чинакам сюрприз бўлди".
Т.Рўзиев тайёрлади, ЎзА