Эъзоз − иштиёқни уйғотувчи куч
Қадрланган ва эъзозланган инсон иштиёқ билан меҳнат қилади. У хоҳ ёш бўлсин, хоҳ кекса ҳаётидан мамнун ҳолда яшайди. Ҳақиқатдан ҳам эъзоз − иштиёқни уйғотувчи куч.
30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев Миромонович бошчилигида Кўксарой қароргоҳида ёшлар билан учрашув ўтказилди.
Ушбу учрашувда юртимизнинг турли соҳаларида фаолият юритиб келаётган ёшлар қатори Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ёш ўқитувчиси сифатида мен ҳам қатнашдим.
Президентимиз ўз нутқларида ёшларга катта ишонч билдириб, учрашувда иштирок этаётган ёшлар билан очиқ мулоқот қилди. Энг қувонарлиси, ёшлар томонидан берилган барча таклифлар инобатга олиниб, амалиётга жорий қилиш масаласи кўзда тутилди. Хорижий тилларни ўқитиш, хорижда таълим олаётган барча ёшлар билан мулоқотни йўлга қўйиш ва уларни рағбатлантириш муҳимлиги Президентимиз томонидан алоҳида таъкидланди.

Мен устоз сифатида бу таклифлардан миннатдор бўлдим. Негаки, жаҳоннинг энг илғор соҳаларини ўрганиб, тажриба орттирмоқчи бўлсак, албатта, хорижий тилларни мукаммал билиш талаб қилинади. Мамлакатимизда юқори савиядаги самарали ишларни амалга оширишда ҳам замон талабларига мос фаолият юритишимиз лозим.
Бугунги кунда IT ва тадбиркорлик соҳаларининг ривожланиши ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очади. Президентимиз ушбу соҳаларда ҳам янгиликлар қилиш, иш билан таъминланмаган ёшларни жалб қилиш ва хотин-қизларга имтиёзлар бериш масаласига алоҳида эътибор қаратиб ўтди.
Мен учрашувда давлатимиз раҳбарининг нутқларини тинглар эканман, имкониятларнинг нақадар кенг берилаётганидан қувондим. Президентимизнинг ўзбек тилидаги асарларни хорижий тилларга таржима қилиш ва халқаро оммага етказиш бўйича ҳам айтган фикрлари мен каби таржимашунос ёшларга куч беради.
Ушбу лаҳзаларда корейс ва инглиз тилларида таржимонлик фаолиятимни янада ривожлантириш ва ушбу таржима фаолиятига ўз ҳиссамни қўшиш ҳисси уйғонди. Мулоқот жараёнида илмий тадқиқот ишлари ва «Ибрат фарзандлари» лойиҳаси орқали тил ўрганаётган ёшлар сонини кўпайтириш масаласига Президентимиз алоҳида тўхталди.
Дарҳақиқат, «Ибрат фарзандлари» лойиҳаси чекка қишлоқда яшаётган ёшларга ҳам турли тилларни ўрганиш имконини бераётгани қувонарли. Мен ҳам ушбу лойиҳанинг корейс тили устози сифатида бир миллатдошимнинг тил ўрганишига ҳисса қўшаётганимдан фахрландим. Ушбу лойиҳанинг аксарият устозлари Тошкент давлат шарқшунослик университетида фаолият юритиб, хорижий тилларни ўргатиб келаётгани эса менга ўзгача ғурур бахш этади.
Умуман олганда, Кўксарой қароргоҳида Президентимиз билан учрашув ёшларга келажакдаги фаолияти учун иштиёқ берди ва ватанпарварлик руҳиятини яна бир карра ҳис қилишимизга ундади. Шарқшунос ўзбек қизи сифатида ушбу учрашувда иштирок этганим, Президентимиз билан учрашиш ва уларнинг нутқларини тинглаш ҳаётимдаги энг унутилмас дақиқаларга айланди. Келгуси режалар ва ютуқлар сари интилишимда бу учрашув катта туртки бўлади.
Муқадас Тайланова,
ТДШУ ўқитувчиси
ЎзА