Европанинг энг йирик АI марказларидан бири Финляндияда қурилади
“Nebius” компанияси Финляндиянинг Лаппеенранта шаҳрида 310 МВт қувватга эга янги Сунъий интеллект учун энергия ишлаб чиқариш маркази қуришни режалаштираётгани ҳақида хабар тарқатди.
Мазкур лойиҳа корхонанинг 2026 йил охирига қадар шартнома асосида 3 ГВт дан зиёд қувватга эришиш стратегиясининг бир қисмидир. Илгари Мянтсяля маълумот марказини 75 МВтгача кенгайтирган “Nebius” шу тариқа минтақадаги иштирокини кучайтиришда давом этяпти.
ЕМЕА – Европа, Яқин Шарқ ва Африка минтақасида компания аллақачон 750 МВт қувватга чиқиб олди. Шунингдек, Францияда 240 МВтли марказ барпо этяпти. Навбатдаги маскан эса СИни ўқитиш ва ишлатиш учун энг сўнгги “Nvidia” ечимидан фойдаланади.
Мажмуа қурилиши жараёнида 700 гача, ишга туширилгандан сўнг эса тахминан 100 та доимий иш ўрни яратилади.
Барқарорликни таъминлашга қаратилган бу ташаббус кам углеродли энергия, сув сарфисиз суюқ совутиш, чиқинди ва иситиш харажатини камайтириш учун иссиқликни қайта тиклаш тизими ёрдамида амалга оширилади.
АI технологияси соҳасида фаолият олиб бораётган “Nebius Group” компанияси “Yandex N.V” асосида 2024 йил июль ойида асосий бизнесини Россия хусусий инвесторлари консорциумига сотгандан сўнг ташкил этилган. Жамоа тўрт стартапни сақлаб қолган: “Nebius”, “Toloka”, “Avride”, “TripleTen” ва Финляндиядаги маълумот маркази.
С.Раҳимов, ЎзА