Европалик кураш мутахассислари учун онлайн машғулотлар ўтказилмоқда
Шу кунларда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ўтказилаётган “Кураш ҳакамлиги ва мураббийлик бўйича бир ойлик интенсив онлайн-курс” машғулотларида Европа кураш конфедерацияси вакиллари, халқаро даражадаги мутахассислар ҳамда 30 нафарга яқин европалик кураш мутахассислари масофавий тарзда иштирок этмоқда.
Интенсив онлайн-курснинг очилиш маросимида иштирок этган Халқаро кураш ассоциацияси ҳамда дахлдор ташкилот мутасаддиларининг таъкидлашича, мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024-йил 20 декабрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш йўлидаги муҳим қадам саналади.


Курашнинг халқаро қоидаларини Европа қитъасида кенг тарғиб этиш ва малакали ҳакамлар гуруҳини шакллантириш, хорижий мураббийларга миллий спортимизнинг илмий-услубий асосларини замонавий технологиялар ёрдамида ўргатишга қаратилган тадбир кураш билан шуғулланувчи атлетлар сонининг ортишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Т.Рўзиев, ЎзА