Европалик дипломатлар Технопаркда
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан мамлакатимизда аккредитациядан ўтган Европа мамлакатлари дипломатик миссия вакиллари ва Европа Иттифоқи делегацияси раҳбарларининг Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган Технопаркка ташрифи ташкил этилди.
Европа дипломатлари билан мулоқот чоғида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов саноат салоҳиятини ошириш, жумладан, Европа давлатлари илғор технологияларини жалб этиш мамлакатимиз иқтисодий ривожланишининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Дипломатик корпус вакиллари мажмуадаги ишлаб чиқариш майдонини кўздан кечирди, технопарк корхоналари томонидан тайёрланаётган қурилиш материаллари, маиший техника, лифт ва эскалатор, сув насоси, металл-конструкция, панел радиатори ва бошқа маҳсулотлар билан танишди.
— Мен Технопаркка бир неча бор ташриф келганман, — дейди Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Агостино Пинна. — Сўнгги икки йил ичида бу ерда Италия компаниялари билан қўшма лойиҳалар муваффақиятли йўлга қўйилди. Энг йирик лойиҳа, билишимча, газ ҳисоблагич ишлаб чиқариш. Айни пайт ушбу маҳсулотни қўшни давлатларга экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Умид қиламизки, ҳамкорлик юқори суръатда давом этади.
[gallery-7563]
Мажмуада жорий йилдан бошлаб газ қозони, базалтдан иссиқлик изоляция материаллари, HPL-панел ишлаб чиқариш, автоматлаштирилган логистика марказини ишга тушириш ҳам кўзда тутилган. Мазкур лойиҳалар амалга оширилиши билан 10 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади, экспорт салоҳияти ошиб, айни йўналишдаги ҳамкор мамлакатлар сони 30 тага етади.
— Корхоналарда эришилаётган ютуқлар мени ҳайратга солди, – деди Германиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тило Клиннер. – Ўйлайманки, Технопаркда ҳамкор компаниялар учун кўплаб қўшимча имкониятлар яратилади. Ўзбекистон энергия тежамкорлигини оширишга интилмоқда ва бу жараёнда маиший техника жуда зарур бўлади. Зеро, энергия тежовчи ускунадан фойдаланган ҳар бир киши зарарли газ миқдорини камайтиришга ҳисса қўшади.
Европалик ҳамкорлар Технопарк салоҳияти ва имкониятини юқори баҳолаб, Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ҳамда узоқ муддатли ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Бугунги кунда саноат кооперациясини ривожлантириш учун самарали майдон вазифасини ўтаётган ушбу мажмуа 2019 йил Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан давлат-хусусий шериклик шаклида ташкил этилган. Технопарк фаолияти юқори технологияли, рақобатбардош, экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқариш қувватлари яратишга йўналтирилган.
Улуғбек Маҳмирзаев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА