Европа тажрибаси асосида бозор назоратининг янги ёндашувлари тақдим этилди
Тошкентда Европа Иттифоқининг TAIEX (Техник ёрдам ва ахборот алмашинуви воситаси) дастури ҳамкорлигида “Бозор назорати: Европа тажрибаси” мавзусида семинар ўтказилмоқда.
Мазкур тадбир мамлакатимизда бозор назорати тизимини такомиллаштириш, маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш ва халқаро тажрибани миллий амалиётга жорий этиш масалаларига бағишланган бўлиб, унда Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси мутахассислари ҳамда юзлаб тадбиркорлар онлайн форматда иштирок этмоқда.

TAIEX Европа Иттифоқининг давлат бошқаруви ва институционал салоҳиятни мустаҳкамлашга қаратилган муҳим техник кўмак дастурларидан бири ҳисобланади. Ушбу механизм орқали давлат идораларига Европа қонунчилиги талабларини миллий қонунчиликка уйғунлаштириш ва уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича экспертлик ёрдами кўрсатилади.

Семинар доирасида маҳсулотлар бозорга чиқарилганидан кейин уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, инсон ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, атроф-муҳитга салбий таъсирларнинг олдини олишга қаратилган бозор назорати тизимининг асосий тамойиллари муҳокама қилинмоқда. Шунингдек, “Бозор назорати тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ҳамда мазкур соҳада қўлланилаётган илғор Европа тажрибалари юзасидан фикр алмашилмоқда.

Тадбирда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида ноозиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини назорат қилиш механизмлари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ортиқча аралашувларни қисқартириш, маҳсулот сифати учун масъулиятни ишлаб чиқарувчилар зиммасига юклаш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бозор назоратининг замонавий тизими маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, ҳалол рақобат муҳитини шакллантириш, истеъмолчилар ишончини мустаҳкамлаш ва маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозорларда рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасини халқаро стандартлар ва Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқлаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти ҳам кенг муҳокама қилинмоқда.
Семинар иштирокчилари бозор назорати соҳасидаги ислоҳотларнинг бизнес муҳитига таъсири, уларнинг амалий натижалари ҳамда халқаро тажрибани миллий тизимга самарали жорий этиш истиқболлари хусусида фикр алмашиб, соҳани янада ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА