Европа парламенти делегацияси Бухорода бўлди
Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Фульвио Мартушелло 31 март куни Бухорода бўлди.
Делегация аъзолари вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашувда Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик кенгайиб бораётганини таъкидлади. Вилоят ҳокими меҳмонларга мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳақида маълумот берди.
Вилоятда хорижий инвестиция иштирокидаги 300 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Когон туманида Италиянинг “Italstone” Со LTD компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган “Минокор” қўшма корхонасида қиймати 2,7 миллион АҚШ долларига тенг оҳактошни қайта ишлаш лойиҳаси ишга туширилган.
[gallery-1845]
Учрашувда Ботир Зарипов италиялик ишбилармонларни вилоятда тайёр тўқимачилик ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, меҳмонхоналар қуриш, савдо ва хизмат кўрсатиш, электр техника жиҳозлари ишлаб чиқариш, туризм ва бошқа даромадли соҳаларда ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда ҳамкорликка чақирди.
Фульвио Мартушелло Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан яқин ҳамкорлигидан фойдаланиб, европалик инвесторларни вилоятга жалб қилиш имконияти кенглигини таъкидлади. Бунда Бухорода халқаро аэропорт мавжудлиги муҳим логистика қўрғони вазифасини ўтайди.
Европа давлатларида вилоятнинг инвестицион ва туристик салоҳияти ҳақидаги ахборотларни кўпайтириш зарур. Чунончи, биргина Италиянинг ўзида 50 дан ортиқ компания номига Бухоро сўзи қўшилган. Ушбу давлатлардаги компаниялар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилса, вилоятда янги-янги лойиҳаларни ишга тушириш имкони пайдо бўлади.
Мулоқот якунида вилоятнинг инвестицион салоҳиятига оид видеоролик намойиш қилинди. Юқори мартабали меҳмон қадимий Бухоронинг диққатга сазовор жойлар билан яқиндан танишди.
Зариф Комилов, ЎзА