Эрта туғруқ ҳолатлари камайган
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари иштирок этган йиғилишда Сенатнинг ўнинчи ялпи мажлисида муҳокама қилиниши режалаштирилган масалалар кўриб чиқилди. Шунингдек, Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 13 июлда тасдиқланган “Эрта турмуш ва эрта туғруқ ҳолатлари ҳамда оилавий ажримлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар Дастури”нинг ижро этилиши муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, эрта ҳомиладорлик ва туғруқ ҳолатлари кузатилган ўқувчи қизларнинг қарийб ярми ота ёки онасиз, носоғлом муҳитли оилаларда яшайди. Оиладаги етишмовчилик, ота-оналарнинг ишсизлиги ёки кам даромад топиши, айниқса аёлларнинг хорижга ишлаш истагида жўнаб кетиб, фарзандлар тарбияси билан тўлақонли шуғуллана олмаслиги қизлар тарбиясига салбий таъсир қилмоқда.

Сўнгги йилларда 18 ёшга тўлмаган қизлар орасида эрта туғруқ ҳолатлари камайиб, 2019 йилда бу кўрсаткич 1,2 мингтани ташкил этган бўлса, жорий йилнинг биринчи чорагида 231 та эрта туғруқ ҳолати қайд этилган.
Вояга етмаган қизлар ўртасидаги эрта туғруқ ҳолатлари таҳлил қилинганда, мамлакатимизда 11 йиллик умумтаълим тизимининг қайта ташкил қилиниши эрта туғруқ ҳолатлари сони пасайишига олиб келган.
Вояга етмаганлар орасида эрта туғруқнинг олдини олиш мақсадида жойларда, таълим масканларида аҳоли, айниқса аёллар ва қизларнинг жинсий билимини ошириш тизими йўлга қўйилиши режалаштирилган.

Жойларда қизлар ва фертил ёшдаги аёлларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам хизматлари сифатини ошириш мақсадида Республика қизлар саломатлиги маркази, ҳудудларда эса қизлар саломатлиги марказлари ташкил этилган. Аммо тизим фаолиятида бир қанча муаммолар мавжуд. Масалан акушер-генеколог штатлари етарли эмаслиги ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш борасида мавжуд муаммолар ҳамон ўз ечимини топмаган.
Мактабларда олиб борилган тиббий кўриклар натижасида йил давомида 500 мингдан ортиқ ўсмир қизлар шифокор кўригидан ўтказилган. Пандемия туфайли мактабларда ўқиш жараёни чегараланганлиги боис, мазкур тиббий кўрик ҳам тўлақонли амалга оширилмаган.
Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА