Эрон парламенти спикери Трамп баёнотларини танқид қилди
Эрон парламенти спикери Муҳаммад Бағир Ғолибаф АҚШ - Эрон зиддияти бўйича Исломободда бўлиб ўтган сўнгги музокаралардан сўнг Дональд Трамп баёнотларига нисбатан кескин муносабат билдирди.
Унинг айтишича, Оқ уй раҳбари бир соат ичида етти марта ҳақиқатга тўғри келмайдиган даъволарни илгари сурган.
Ғолибаф шунингдек, агар Қўшма Штатлар томонидан амалга оширилаётган блокада сиёсати давом эттирилса, стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳурмуз бўғози “очиқ қолмаслиги”ни қатъий таъкидлади. Ушбу баёнот Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг Ҳурмуз бўғози орқали барча тижорат кемалари эркин ҳаракатланиши мумкинлиги ҳақидаги фикрлари ички консерватив доираларда танқидга учраган бир пайтда янгради.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоий бўғоздаги тартиблар ижтимоий тармоқлардаги баҳслар эмас, балки амалдаги вазиятдан келиб чиқиб белгиланишини маълум қилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА