Эрон дронлари Озарбайжон ҳудудига зарба берди (+видео)
Учта Эрон дрони Нахичеван халқаро аэропорти йўловчи терминалига зарба берди. Бу ҳақда Euronewsга Озарбайжон расмийлари маълум қилган.
Маълумотларга кўра, ҳужум натижасида камида икки киши жароҳат олган. Дронлардан бири аэропорт терминали биносига урилган, яна бири эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб яқинига қулаган. Нахичеван халқаро аэропорти Эрон чегарасидан тахминан 10 километр узоқликда жойлашган.
Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида бу ҳужумлар Эрон Ислом Республикаси ҳудудидан амалга оширилгани айтилди.
“Аэропорт биносига зарар етказган ва икки нафар тинч аҳолининг жароҳат олишига сабаб бўлган бу дрон ҳужумларини қатъий қоралаймиз”, - дейилади вазирлик баёнотида.
Ҳодисадан кейин Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг Бокудаги элчисини вазирликка чақирди. Бу ҳақда 5 март куни тарқатилган расмий баёнотда айтилди.
Боку расмийлари бу ҳодисани халқаро ҳуқуқ нормалари ва тамойилларининг бузилиши, деб баҳолади. Шунингдек, бу воқеа минтақадаги кескинликни янада кучайтириши мумкинлиги таъкидланди.
Озарбайжон ТИВи Эрондан бу воқеа бўйича тез орада аниқ изоҳ беришни, тўлиқ текширув ўтказишни ва бундай ҳужумлар қайта такрорланмаслиги учун зарур чоралар кўришни талаб қилди.
Воқеа бўйича Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Кoзим Ғарибободий Озарбайжоннинг AnewZ нашрига интервью берди. Унда Теҳрон томонидан Озарбайжон ҳудудига берилган зарба ҳақидаги хабарни рад этди. Унинг айтишича, Эрон қўшни давлатларга зарба бермайди ва Теҳроннинг зарбалари фақат АҚШ ҳарбий базаларига қаратилган. Шу билан бирга, вазир ўринбосари мазкур ҳолат алоҳида ва синчковлик билан текширилиши кераклигини ҳам қўшимча қилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/3hAtP1D2Oqc" title="Eron dronlari Ozarbayjon hududiga zarba berdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджон, ЎзА