Ерга қадалган ниҳолдан улкан дарахтгача бўлган йўлда бизни нималар кутмоқда?
Эрталаб уйдан чиқиб, тўйиб-тўйиб тоза ҳаводан нафас олишни истаймиз. Болаларимизнинг бемалол соя-салқинда ўйнашини, кўчаларимиздан баҳорнинг, яшилликнинг таровати келиб туришини хоҳлаймиз.
Бироқ сўнгги пайтларда бу оддий ҳаётий эҳтиёжимиз ҳам қондирилмаяпти. Ойнани очганимизда тоза ҳаво эмас, чанг ва тутун кириб келаётгани ҳис қиласиз. Бундай шароитда дарахт экиш ва уни парваришлаш том маънода ҳаёт-мамот масаласи, келажак авлод олдидаги бурчимизга айланмоқда.
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги куз-қиш мавсуми қизғин паллага кирган. Жорий мавсумда республика бўйича 140 миллион туп кўчат экилиши режалаштирилган. Аммо ўтган йиллардаги аччиқ тажрибамиз кўплаб кўчатларнинг сувсизликдан, қаровсизликдан ёки нотўғри жойга экилгани сабабли қуриб қолгани кўрсатади. Ҳақиқат шуки, бизга минг-минглаган рақамлардан кўра, кўкариб чиққан, ям-яшил кўчатлар керак.
Хўш, бу галги ёндашув аввалгиларидан нимаси билан фарқ қилади? Бу саволга Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон агентлиги бошқарма бошлиғи Ҳакимжон Абдуллаев шундай жавоб беради.
– Кўчат экиш тадбирларининг самараси, аввало, уларнинг қанчаси экилиши билан эмас, қанчаси кўкариб, дарахтга айланиши билан белгиланади, – дейди Ҳакимжон Абдуллаев. – Шу боис жорий мавсумда кўчатларни ҳудуднинг иқлими ва тупроқ шароитига мос танлаш, тўғри жойга экиш, вақтида суғориш ва мунтазам парваришлашга алоҳида эътибор қаратилади. Жорий мавсумда асосий юк маҳаллаларга тушади. Жараённи тизимли ташкил этиш учун 4 минг 200 нафардан ортиқ махсус “ўрмончи мураббийлар” қарийб 9 мингта маҳаллага бириктирилган. Улар кўчат экишдан тортиб парваришлашгача бўлган жараёнда маҳалла еттилиги ва аҳолига кўмак беради. Бундан кўринадики, эндиликда эътибор фақат миқдорга эмас, агротехник қоидаларга қаратилмоқда.

Яшилликни таъминлаш ҳақида гап кетганда, энг аввало, бўш ер майдонлари тобора камайиб бораётган бетон шаҳарларимиз кўз олдимизга келади. Бўш жой топиш муаммо бўлган кўп қаватли уйлар, мактаб ва боғчалар ҳудудида қандай йўл тутилади? Ҳудуднинг иқлими ва тупроқ шароитига мос дарахтларни танлаш масаласи қандай назорат қилинади?
Масъулларнинг тушунтиришича, бу муаммони ҳал қилиш учун ягона қолипдан воз кечилмоқда. Дарахт турларини танлашда ҳар бир ҳудуднинг географик жойлашуви, тупроқ шўрланиши ва сув таъминоти қатъий инобатга олинади.
Айрим ҳудудларда қайрағоч, шумтол, гўзалкаталпа, япон сафораси, тут, ўрик ва гилос каби дарахт турларидан фойдаланиш тавсия этилади. Ариқ, канал ва зовурлар бўйларида эса жойнинг табиий шароитидан келиб чиқиб, тол, мажнунтол ва терак каби турларни экиш назарда тутилган. Ер майдони чекланган ҳудудларда мавжуд дарахтларни асраб қолиш, бўш жойларга шароитга мос дарахт ва буталар экиш, вертикал кўкаламзорлаштириш ҳамда катта идишларда жамоатчилик боғларини ташкил этиш каби муқобил ечимлардан фойдаланиш мумкин.
Энг эътиборли жиҳати, лойиҳа доирасида халқаро “3–30–300” стандартини жорий этиш режалаштирилган. Бу ҳар биримиз уйимиз ойнасидан камида 3 та дарахтни кўра олишимиз, яшаш жойимизнинг камида 30 фоизи соябон дарахтлар билан қопланиши ва яшил ҳудудгача бўлган масофа 300 метрдан ошмаслигини англатади. Агар бу мезонлар қоғозда қолиб кетмаса, шаҳарларимиз чинакам яшил маконга айланиши аниқ.

Бироқ, навбатдаги мантиқий ва энг оғриқли савол туғилади. Миллионлаб туп кўчатни суғориш учун шунча сувни қаердан оламиз? Сув танқислиги глобал муаммога айланган бугунги кунда ушбу эҳтиёж қандай қопланади ва бунда ичимлик сувидан фойдаланиладими?
– Шунча кўчатнинг сувга бўлган эҳтиёжини аниқлашда барча ҳудудлар учун бир хил меъёр белгилаш тўғри бўлмайди, – дея таъкидлайди дейди Ҳакимжон Абдуллаев. – Сув танқислиги кузатилаётган ҳудудларда, биринчи навбатда, сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш, мавжуд ариқ ва каналлардан, шунингдек, техник жиҳатдан яроқли бошқа сув манбаларидан фойдаланиш муҳим. Тупроқда намликни сақлашга хизмат қилувчи мульчалаш усулини кенг қўллаш ҳам самарали ечимдир. Ичимлик сувидан фойдаланиш масаласи эса мавжуд сув таъминоти ва белгиланган тартиблардан келиб чиқиб ҳал этилади.
Сув танқис жойга кўчат экиш табиатга нисбатан адолатсизликдир. Шунинг учун ичимлик сувини тежаган ҳолда оқова ва ёмғир сувларидан фойдаланиш тизимини йўлга қўйиш энди танлов эмас, заруратдир.

Масъулларнинг қайд этишича, молиявий шаффофликни таъминлаш лойиҳанинг асосий талабларидан биридир. Маҳаллаларни яшиллаштириш учун Давлат мақсадли жамғармасидан йилига катта миқдорда маблағ йўналтириш кўзда тутилган.
Бу республика миқёсидаги чора-тадбирларни молиялаштириш учун белгиланган маблағ бўлиб, ҳар бир маҳаллага алоҳида тенг қийматда маблағ ажратилишини англатмайди. Маблағларнинг мақсадли сарфланиши муҳим. Кўчатларни харид қилиш, ташиш, экиш ва кейинги парваришлаш харажатларини алоҳида ҳисобга олиш молиявий шаффофликни таъминлашга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда “Яшил макон” келажак авлод олдидаги муқаддас масъулиятдир. Бу мерос ўз-ўзидан шаклланмайди, унга маблағ, меҳнат ва узлуксиз назорат зарур. Экологик ислоҳотнинг муваффақияти ҳисоботларга тиркалган кўчатлар сони билан ўлчанмайди. Йиллар ўтиб уларнинг соясида фарзандларимиз улғайиши билан баҳоланади.
Муҳайё ТОШҚОРАЕВА,
ЎзА мухбири