Энг намунавий ҳарбий оилалар беллашди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Оила — жамиятнинг таянч устуни, маънавият қўрғонидир. Айниқса, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилаётган ҳарбийлар ҳаётида оилавий аҳиллик ва мустаҳкам маънавий муҳит хизмат бурчини сидқидилдан адо этишда муҳим омил ҳисобланади. Шу мақсадда 15 май — “Халқаро оила куни” муносабати билан Шароф Рашидов туманидаги Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда “Янги Ўзбекистоннинг ибратли ҳарбийлар оиласи” кўрик-танловининг ҳудудий босқичи юқори савияда ўтказилди.
Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги ҳарбий қисмлардан саралаб олинган бешта энг илғор оила беллашувда иштирок этди. Дастлаб иштирокчилар ўз ижодий қобилиятларини намойиш этиб, шеърий чиқишлар, қўшиқ ва рақслар орқали оилавий қадриятларни ифода этдилар. “Долзарб мавзу” шартида эса жамиятдаги айрим муаммолар ва оилавий масалаларнинг ечимига қаратилган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
[gallery-29190]
Мусобақанинг спорт ва пазандалик босқичлари ҳам катта қизиқиш уйғотди. “Спорт — соғлом ҳаёт гарови” шартида оила бошлиқлари баскетбол тўпини саватга тушириш бўйича, турмуш ўртоқлари эса дартс бўйича беллашдилар. “Ошга марҳамат” босқичида эса иштирокчиларнинг пазандалик маҳорати баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, барча шартларда энг юқори кўрсаткичларни қайд этган Зомин туманидаги ҳарбий қисм вакили, 3-даражали сержант Санжарбек Парпиев оиласи биринчи ўринни эгаллаб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Кейинги ўринлар Самарқанд вилояти ҳарбий қисми вакили Наврўзбек Примов ҳамда Шароф Рашидов туманидан Илҳомжон Солижонов оиласига насиб этди.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан дипломлар ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Мазкур кўрик-танловлар ҳарбий хизматчилар оилаларида соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА