Энг кучли ёш саблячилар аниқланди
Пойтахтимиздаги "Пахтакор" қиличбозлик залида U20 ёш тоифасидаги йигит-қизлар ўртасида ўтказилаётган Ўзбекистон кубогининг сабля йўналиши бўйича яккалик баҳслари ғолиб ва совриндорлари аниқ бўлди.
Йигитлар ўртасидаги финал беллашувида Азизбек Каримбоев ва Нуркелди Турганбоев ўзаро рақобатлашди. Ушбу тўқнашувда Азизбек ғалаба қозониб, олтин медални қўлга киритган бўлса, Нуркелди кумуш медалга сазовор бўлди. Шамил Баймуратов ва Алимбай Балтабаевлар бу йўналишда бронза медали билан тақдирланди.

Қизлар ўртасидаги баҳсларда Гулистан Пердибаева, Аякоз Жумамуратова, Самира Шокирова ҳамда Наргиза Конгратбаева каби ёш саблячиларимиз ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.

Тошкентда ўтаётган ушбу мамлакат кубоги билан бир вақтда Туркиянинг Истанбул шаҳрида 14-17 ёшли спортчилар ўртасида қиличбозликнинг сабля йўналишида халқаро мусобақа ўтказилмоқда.
Қувонарлиси, мусобақада иштирок этаётган 14 ёшли ҳамюртимиз Саидамир Раҳмонов бронза медалига эга чиқди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА