Энг кучли баҳодирлар ғолиб бўлди
Мудофаа вазирлигининг Жанубий оператив қўмондонлиги Какайди гарнизонида жойлашган ҳарбий қисмда “Баҳодирлар ўйини мусобақаси” бўлиб ўтди.
Қизғин баҳсларга бой бўлган мусобақа иштирокчилари бешта шарт бўйича ўзаро баҳслашди.
Жорий йилда илк марта ўтказилаётган спорт ўйинининг дастлабки шартида 32 килограммли тошни қўлда энг кўп баланд кўтариб, ерга қўйган, иккинчи шарт бўйича 50 килограмм оғирликдаги штангани икки қўллаб ушлаган ҳолда бир дақиқа ичида ердан белигача энг кўп кўтарган, учинчи шартда оғир юк машинасининг 200 килограммли покружкасини бир дақиқада жойидан кўтариб ва ётқизиб энг узоқ масофага олиб борган Ватан ҳимоячилари ғолиб бўлди.

Шунингдек, иштирокчилар 50 килограмм оғирликдаги юкни 20 метр масофага қисқа вақтда тез кўтариб келиш ва ниҳоят 700 килограмм юк ортилган “УАЗ” русумли автомашинани арқонга боғлаб, бир дақиқада кўпроқ масофага етаклаб бориш бўйича ҳам ўзаро куч синашди.
– Бу мусобақа илк марта ўтказилмоқда, – дейди ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Маъруфжон Олимов. – Бугунги саралаш босқичида ҳарбий қисмимиз шарафини ҳимоя қиладиган баҳодир ўғлонларимиз ўз кучини дастлабки синовдан ўтказди. Энг чаққон ва кучлилар ғолиблар сафидан ўрин олди. Эндиликда улар ҳарбий қисмлар ўртасида бўлиб ўтадиган навбатдаги босқичга жиддий ҳозирлик кўради.

– Одатда ҳар бир ҳарбий хизматчи оғир тошни кўтариб ўзига бўйсундиришга ҳаракат қилади, – дейди мусобақа бош ҳаками, майор Дониёр Холдоров. – Албатта бу ҳаракатни амалга ошириш осон эмас. Бунда спортчидан кучли ирода, жисмоний бақувватлик талаб этилади.

Келгусида баҳодирлар ўйини мусобақаси ҳам ҳарбийлар учун ўз куч ва иродасини кенг намойиш этадиган қизиқарли беллашувлардан бирига айланади. Мусобақа якунида кичик сержант Юнусали Юнусалиев мутлақ ғолиб бўлди. Шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Муроджон Лутфиддинов иккинчи, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Абдумўмин Шойдуллаев учинчи ўринни эгаллади. Ғолиблар қимматбаҳо совға ва дипломлар билан тақдирланди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА