“Энг фаол ижтимоий ходим” танлови ғолиблари
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 3 февралдаги “Энг фаол ижтимоий ходим” кўрик-танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ мазкур танловнинг вилоят босқичи ўтказилди.

Танловнинг саралаш босқичида тест синовларидан муваффақиятли ўтган 51 нафар ижтимоий ходим ўз билим ва касбий салоҳиятини синовдан ўтказди. Улар орасида Сирдарё туманидаги “Мурувват” интернат-уйида фаолият юритаётган, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий хизмат кўрсатувчи ходимлар ҳам иштирок этди. Бу эса танловнинг ижтимоий аҳамияти кенг қамровли эканлигини яна бир бор намоён қилди.

Низом талабларига мувофиқ, иштирокчиларнинг касбий билимлари, ҳаётий вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш кўникмалари ҳамда инсон билан мулоқот маданияти босқичма-босқич синовдан ўтказилди. Танлов жараёнларида ҳар бир номзоднинг амалий тажрибаси ва масъулият ҳиссига алоҳида эътибор қаратилди.

Якуний натижаларга кўра, Мирзаобод тумани Тинчлик маҳалласининг ижтимоий ходими Сабоҳат Холиқова биринчи ўринни эгаллаб, танлов ғолиби бўлди. Иккинчи ўрин Гулистон шаҳар Буюк келажак маҳалласи ижтимоий ходими Моҳинур Орзуқуловага насиб этди. Учинчи ўринни эса Сардоба тумани Қўрғонтепа маҳалласи ижтимоий ходими Муродбек Турғунбоев қўлга киритди.

Танлов низомига мувофиқ, ғолиб ва совриндорлар базавий ҳисоблаш миқдорига нисбатан пул мукофотлари билан тақдирланди: 1-ўрин — 5 баробар, 2-ўрин — 3 баробар, 3-ўрин — 2 баробар миқдорида.
Тадбирда таъкидланганидек, ижтимоий ходим бу инсон дардини тинглаш, оғир вазиятда қолган фуқарога кўмак бериш ва жамиятда инсон қадрини таъминлашдек юксак масъулиятни зиммасига олган фидойи шахсдир.
Ғулом Примов, ЎзА