Энергия ресурсларидан тўғри фойдаланиш — ҳаёт хавфсизлиги гарови
Куз-қиш мавсумида аҳолининг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжи ортиши билан улардан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш масаласи янада долзарб аҳамият касб этади. Айниқса, иситиш мавсумида ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмаси чақнаши ва ёнғин билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, энг аввало, инсон ҳаёти ва саломатлигини асрашни тақозо этади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллаларда профилактика ишларини кучайтириш, фуқаролар учун муносиб ва хавфсиз яшаш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бу борадаги вазифаларнинг устуворлигини белгилайди. Шу мақсадда мамлакатимизда ўтказилаётган “Энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланиш ойлиги” доирасида Бухоро вилоятида ҳам кенг қамровли профилактик ишлар амалга оширилмоқда.
Яқинда вилоятда ташкил этилган ҳудудий штаб фаолияти Миллий гвардия қўмондони ўринбосари, полковник С.Мамаюусупов томонидан ўрганилди.
Ўрганиш давомида куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларида энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмаси чақнаши ва ёнғин каби фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишда масъул ташкилотлар олдига қўйилган вазифалар ижросига эътибор қаратилди. Зеро, хавфсизликни таъминлаш фақат содир бўлган ҳодисага муносабат билдириш эмас, балки унинг олдини олиш, хавф манбаларини ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишдан бошланади. Шу нуқтаи назардан, ҳудудий штаб фаолиятида идоралараро ҳамкорликни мувофиқлаштириш, ишчи гуруҳлар самарадорлигини ошириш ва профилактик тадбирларни манзилли ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади.
Ўрганиш жараёнида кўп квартирали уйлар ва якка тартибдаги хонадонлардаги газ ҳамда электр жиҳозлари, иситиш печлари, дудбурон ва шамоллатиш каналларининг техник ҳолатини назорат қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ёлғиз кексалар истиқомат қиладиган хонадонларда профилактик тадбирларни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, аҳоли ўртасида энергия ресурсларидан тўғри фойдаланиш қоидаларини кенг тушунтириш, ис газининг хавфи ва ундан ҳимояланиш чоралари бўйича тарғибот ишларини тизимли йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди. Таълим муассасалари, талабалар турар жойлари ва бошқа ижтимоий объектларда хавфсизлик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш юзасидан фикр алмашилди.
Полковник С.Мамаюусупов штаб фаолиятини самарали ташкил этиш, масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш ҳамда белгиланган вазифалар ижроси устидан доимий назорат ўрнатиш бўйича тегишли кўрсатмалар берди.
Аслида, энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланиш маданиятини шакллантириш фақат бир ойлик тадбирлар билан чекланиб қолмаслиги керак. Бу ҳар бир хонадонда амал қилиниши лозим бўлган ҳаётий қоида, ҳар бир фуқаронинг шахсий масъулиятидир. Чунки оддий эҳтиёт чораси баъзан инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.
“Энергия ресурсларидан хавфсиз фойдаланиш ойлиги”нинг аҳамияти ҳам шунда: у нафақат мавсумий хавф-хатарларнинг олдини олиш, балки жамиятда огоҳлик ва масъулият муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг муҳими, куз-қиш мавсумини ҳар бир хонадонда хотиржамлик, хавфсизлик ва осойишталикда ўтказишга қаратилган бу ишлар инсон ҳаётини асрашдек эзгу мақсадга йўналтирилган.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири