Энди пулли автотураргоҳлар ҳақини тўламаслик 824 минг сўмга тушиши мумкин
Тошкент шаҳрида йўл бўйидаги пулли автотураргоҳлардан фойдаланганлик учун тўловни ўз вақтида амалга оширмаган ёки уни тўлашдан бўйин товлаган ҳайдовчиларга маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳага мувофиқ, йўл бўйидаги пулли автотураргоҳлар хизматлари учун қонунчиликда белгиланган муддатда ҳақ тўламаган ёки тўловдан бўйин товлаган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида жарима қўллаш таклиф этилмоқда. Амалда бу 824 минг сўмни ташкил этади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотларига кўра, пойтахтдаги пулли автотураргоҳлардан ҳар куни ўртача 15 минг нафар ҳайдовчи фойдаланади. Бироқ, уларнинг атиги 2–3 фоизи, яъни тахминан 300–450 нафар ҳайдовчи хизмат ҳақини тўлайди.
Ойлик кўрсаткичлар ҳам шунга яқин ҳолатни кўрсатмоқда. Хусусан, бир ой давомида пулли автотураргоҳлардан тахминан 465 минг нафар ҳайдовчи фойдаланса, уларнинг бор-йўғи 9,3–13,95 минг нафари тўловни амалга оширади.
Таъкидланишича, таклиф этилаётган ўзгартишлар пулли автотураргоҳлардан фойдаланишда тўлов интизомини мустаҳкамлаш, соҳада қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда транспорт инфратузилмасини сақлаш ва ривожлантириш учун зарур маблағларнинг барқарор тушумини таъминлашга хизмат қилади.
Айни пайтда қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида бўлиб, унга доир таклиф ва мулоҳазалар қабул қилинмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА