Энди ногиронлик пенсияси фуқаро мурожаатисиз ҳам тайинланади
Қонунчилик палатаси мажлисида пенсияга оид хизматларни кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Унга кўра, фуқароларга ногиронлик белгиланганда, уларга проактив шаклда, яъни фуқаронинг мурожаати бўлмаган ҳолатда ҳам пенсия тайинланиши белгиланмоқда. Бунда пенсия тайинлаш жараёни тегишли идораларнинг рақамли тизимлари орқали амалга оширилади. Бу эса ногиронлиги бор одамларга қулай ва осон бўлиб, оворагарчиликларни юзага келтирмайди, жараёнларни тезлаштиради.

Шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлик пенсияси тайинланганидан кейин камида бир йил иш стажига эга бўлган пенсионернинг пенсиясини ҳар икки йилда бир маротаба қайта ҳисоблаш жараёни ҳам фуқаронинг мурожаатини талаб этмасдан (проактив шаклда) амалга оширилиши назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, пенсиядан қарздорлик ёки бошқа сабаб билан пул ундирилганда, унинг миқдори пенсиянинг 50 фоизидан ошиши мумкин эмаслиги белгиланмоқда. Чегирма қилингандан сўнг қўлга тегадиган пенсия миқдори расман белгиланган минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаслиги қонун билан мустаҳкамланяпти.

Ушбу тартиблар ногиронлиги бор фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга енгилликлар яратишда муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Мажлисда муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА