Элит ОЧЛ: Ўзбекистон клублари учун омадсиз тур
Футбол бўйича Элит Осиё чемпионлар лигасининг умумий босқичи 4-тур учрашувлари, бугун, 3 ноябрь куни «Истиқлол» — «Ал-Шамол» ва «Ал-Ҳилол» — «Шабаб Ал-Аҳли» клублари баҳсидан сўнг ўз якунига етади.
Кечаги баҳсларда эса Фарғона жамоаси учун бироз омадсиз ўтди.
Жумладан, Масқат шаҳридаги «Султон Қобус» мажмуасида кечган «Трактор» — «Нефтчи» учрашуви 2:2 ҳисобида якунланди. Ўйининг биринчи бўлимида «Нефтчи» ҳужумкор футбол намойиш этиб, бир қатор қулай имкониятларга эга бўлди. Бироқ вазиятлардан фойдаланишда аниқлик етишмади.
Иккинчи таймда ҳам ташаббусни қўлдан бой бермаган «Нефтчи» 55-дақиқада ҳисобни очди. Захирадан майдонга тушган Стипе Перица жамоасини олдинга олиб чиқди. 82-дақиқада Томислав Штркаль мезбонлар мувозанатни тиклади. Учрашувга қўшиб берилган вақтда Владимир Йововичнинг 90+4-дақиқадаги голи фарғоналикларга яна устунлик келтирди. Аммо 90+9-дақиқада Масъуд Заэрказамайн ҳисобни тенглаштириб, «Нефтчи»ни ғалабадан маҳрум этди.
Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси эса ўз майдонида Саудия Арабистонининг «Ал-Наср» клубига 2:6 ҳисобида мағлуб бўлди.
Мезбонлар 15-дақиқада Абдуллоҳ Ал-Ҳамданнинг голидан сўнг ҳисобда ортда қолди. Орадан икки дақиқа ўтиб, Жоау Феликс фарқни оширди. Португалиялик футболчи 32-дақиқада яна бир бор пойтахтимиз клуби дарвозасини ишғол этиб, дубл қайд этди.
[gallery-32327]
«Пахтакор» 36-дақиқада Фламарионнинг голи билан жавоб қайтарди. Дастлаб Акмал Мозговойнинг зарбасидан кейин киритилган тўп офсайд сабаб бекор қилинган бўлса, бу сафар Шерзод Насруллаевнинг узатмасини Фламарион голга айлантирди.
Иккинчи бўлимда Абдулаҳ Ал-Амри (53) ва Абдулраҳмон Ғариб (62) меҳмонлар устунлигини янада мустаҳкамлади. 75-дақиқада Достонбек Ҳамдамов «Пахтакор»нинг иккинчи голини киритди. Бироқ 79-дақиқада Анжело якуний ҳисобни белгилади — 2:6.
4-турнинг бошқа учрашувларида «Ал-Васл» «Эйр Форс»ни 4:3 ҳисобида мағлуб этди. «Ал-Иттиҳод» «Ал-Айн»га 1:4, «Ал-Ғарафа» эса «Ал-Қодисия»га 0:5 ҳисобида имкониятни бой берди. «Ал-Садд» ва «Ал-Аҳли» жамоалари ўртасидаги баҳсда эса ҳисоб очилмади — 0:0.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Алмурод Мамадаминов (Сурат), ЎзА