Электрон савдо майдончаси ишга туширилди
Интернетда www.agrosale.uz веб-сайти иш бошлади. Мазкур электрон савдо майдончаси мамлакатимиз фермер хўжаликлари маҳсулотлари экспорт салоҳиятини янада оширишга қаратилган.
Интернетда www.agrosale.uz веб-сайти иш бошлади. Мазкур электрон савдо майдончаси мамлакатимиз фермер хўжаликлари маҳсулотлари экспорт салоҳиятини янада оширишга қаратилган.Пойтахтимизда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг «Марказий Осиёда минтақавий савдони қўллаб-қувватлаш» дастури ҳамкорлигида ўтказилган анжуман мамлакатимизда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларга бағишланди.
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар самарасида жорий йил бошидан бошлаб олдин ўз маҳсулотларини экспорт қилмаган 583 янги корхона экспорт фаолиятига жалб этилди, 95 турдаги янги маҳсулотни экспорт қилиш ўзлаштирилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 16 мартдаги «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермер хўжаликлари салоҳиятини янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Унга кўра, Жамғарма устав капитали уч баробарга оширилиб, тадбиркорлик субъектлари томонидан тўланадиган комиссия тўловлари 3 фоиздан 1 фоизгача туширилди.
2016 йилнинг январь-февраль ойларида Жамғарма томонидан 496 тадбиркорлик субъектининг экспортга чиқишига, жумладан, 272 корхонага ташқи бозорларни ўрганиш ҳамда хориждан ишончли ҳамкорлар топиш юзасидан кўмаклашилган.
Тадбирда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан «TECLOT» МЧЖ хорижий корхонаси ҳамкорлигида ишлаб чиқилган www.agrosale.uz электрон савдо майдончасининг тақдимоти ҳам ўтказилди. «Бизнес-бизнесга» қоидасида фаолият кўрсатадиган портал қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг интернет сегментидан мустаҳкам ўрин эгаллашини таъминлайди.
Эндиликда фермер хўжаликлари ушбу электрон савдо майдончаси ёрдамида улгуржи харидорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиши, маҳсулотни нафақат мамлакатимиздаги, балки хориждаги истеъмолчиларга ҳам етказиб бериш юзасидан савдо амалиётларини амалга ошириши мумкин бўлади. Портал ўзбек, инглиз, рус ва хитой тилларида фаолият кўрсатади.
– Ғаллачилик, сабзавотчилик ва боғдорчилик билан шуғулланамиз, – дейди Тошкент вилояти Паркент туманидаги «Рихсизар Маржон» фермер хўжалиги раҳбари Жаҳонгир Туропов. – Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган кенг имкониятлардан унумли фойдаланиб, қурғоқчил ерларни ўзлаштирдик ва узум етиштиришни йўлга қўйдик. Ўйлайманки, янги электрон портал сархил маҳсулотларимизни наинки юртдошларимиз, балки хорижликлар дастурхонига ҳам етказиб беришда қулай восита бўлади.
Тадбирда тадбиркорларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб қайтарди.