Электромобиллар ишлаб чиқаришда фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида “Электромобиллар: ишлаб чиқариш, эксплуатация, хавфсизлик ва уларнинг утилизациясига комплекс ёндашув” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.
Анжуманни академия бошлиғи юридик фанлари доктори, профессор, полковник Музаффаржон Мамасиддиқов кириш сўзи билан очиб, электромобиллар хавфсизлигини фақат битта фан ёки мутахассислик доирасида кўриб чиқиш мумкин эмаслигини таъкидлаб, муҳандислик билимлари, ёнғин хавфсизлиги, қутқарув ишлари, техник экспертиза, фавқулодда вазиятларни бошқариш, рақамли технологиялар ва экологик хавфсизлик йўналишларини ўзаро уйғунлаштириш зарурлигини қайд этди.
[gallery-31611]
Тадбирда қайд этилганидек, бугунги кунда электромобилларни ривожлантириш жараёни транспорт ва автомобилсозлик билан бир қаторда, инсон ҳаёти ва хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, энергетика, экология, техник хизмат кўрсатиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларга жавоб бериш каби қатор йўналишларни ҳам қамраб олмоқда.
Анжуманда сўзга чиққанлар томонидан электромобиллар соҳасининг ривожланиш тенденциялари, ишлаб чиқариш технологиялари, аккумулятор батареяларидан иккиламчи фойдаланиш имкониятлари ҳамда хавфсизлик масалалари, электромобиллар масаласига ишлаб чиқаришдан бошлаб эксплуатация, техник хизмат кўрсатиш, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш ва утилизациягача бўлган ягона ҳаётий сикл нуқтаи назаридан ёндашиш масалалари илмий-амалий жиҳатдан муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистонда электр транспорт воситаларининг ривожланиш тенденциялари ҳақида Ўзбекистонда электр транспорт воситаларининг ривожланиш тенденциялари, электромобилларнинг ишлаб чиқариш технологиялари ҳамда электромобилларда юзага келиши мумкин бўлган хавфлар ва уларни бартараф этиш усуллари, юқори кучланишли аккумулятор тизимлари билан боғлиқ хавфларни олдиндан аниқлаш, ёнғинларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, электромобиллар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларида қутқарув ишларини ташкил этиш масалаларига алоҳида ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Анжуман давомида электромобилларни ривожлантириш жараёнида технологик тараққиёт билан бир қаторда транспорт ва ёнғин хавфсизлиги, экологик масъулият ҳамда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш масалаларини ҳам уйғун равишда ривожлантириш зарурлиги қайд этилиб, иштирокчилар томонидан электромобиллар хавфсизлиги бўйича илмий тадқиқотларни кенгайтириш, қутқарув бўлинмаларининг махсус тайёргарлигини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш корхоналари ва таълим муассасалари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кучайтириш, аккумулятор батареяларидан иккиламчи фойдаланиш ва уларни хавфсиз утилизация қилиш бўйича тадқиқотларни ривожлантириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Анжуман доирасида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ва “BYD Uzbekistan“ МЧЖ ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат электромобиллар ва уларнинг аккумулятор тизимлари хавфсизлиги, ёнғин ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, илмий-тадқиқот ҳамда мутахассисларни тайёрлаш йўналишларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Меморандум доирасида электромобиллар ва аккумулятор тизимларининг тузилиши, эксплуатацияси ва хавфсизлиги бўйича билим ва тажриба алмашиш, электромобиллар билан боғлиқ ёнғин ва фавқулодда вазиятларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича ҳамкорлик қилиш кўзда тутилган.
Гулноза Бобоева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА