Электр таъминотидаги муаммолар бартараф этилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
“Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жараёнда истеъмолчиларидан келиб тушаётган мурожаатлар бевосита жойига чиқиб ўрганилиб, таъминотдаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Эскирган симёғочлар янгиланмоқда, трансформатор пунктларининг қуввати оширилиб, қўшимча трансформаторлари ўрнатилмоқда.
Рақамларга тўхталадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган уч чорагида виртуал қабулхона ва ўтказилган сайёр қабуллар орқали ҳамда ёзма равишда 3601 та мурожаат келиб тушган. Шундан 2200 таси ижобий ҳал қилинган, 1284 мурожаат эгаларига тушунтиришлар берилган, 117 мурожаат ўрганиш жараёнида.
[gallery-21002]
Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Пешку туманининг “Боғи мусо” МФЙ ҳудудидаги Деҳча қишлоғида эскирган симёғочлар янгисига алмаштирилиб, 11 дона мустаҳкам темир бетон таянч тикланди. Бухоро тумани “Шехонча” МФЙ Шехонча кўчасининг электр энергияси таъминотини яхшилаш учун эса 3 дона темир-бетон таянч ростланди ва қуввати 63 кВА бўлган қўшимча трансформатор пункти ўрнатилиб, ишга туширилди. Натижада шехончаликларнинг меъёр даражасидаги электр энергиясига бўлган талаби қондирилди.
Ўтган йилги камчиликлардан келиб чиқиб, “Газли 1” ҳамда “Газли 2” 110 кВ кучланишдаги электр узатиш тармоғида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 3 дона узунлиги 22 метр бўлган СК типидаги таянчлар ўрнатилди. Шунингдек, ташқи таъсирлар натижасида эгилган 11 та таянч тўғриланди ва салқи симлар тортилди. Натижада Жондор тумани, Газли шаҳарчаси ва Газли газ ҳайдаш насос станцияларининг электр таъминоти мустаҳкамланди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА