Экспорт режаси ортиғи билан бажарилди
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳозирги мураккаб карантин шароитида ҳам «Олмалиқ кон-металлургия» акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқариш самарадорлигига эришилди.
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ ҳозирги мураккаб карантин шароитида ҳам «Олмалиқ кон-металлургия» акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқариш самарадорлигига эришилди.
Бу борада айниқса, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортида ҳам салмоқли натижалар қайд этилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Жумладан, комбинатдан маълум қилинишича, 2020 йилнинг январь-март ойларида комбинат томонидан 173 миллион 269 минг доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспорт қилиниб, бу борадаги режа қарийб 120 фоизга бажарилган.
Экспорт ҳажмини маҳсулотлар кесимида олиб қарайдиган бўлсак, биринчи чоракда қарийб 21 минг тонна мис маҳсулотлари хорижлик истеъмолчиларга жўнатилган.
Йилдан йилга жаҳон бозорида талабгир бўлиб бораётган рух металли маҳсулотидан эса 19 минг 570 тоннаси экспортга йўналтирилган. Шу даврда минг тоннадан ортиқ қурилиш соҳасида кенг қўлланилаётган портландцемент экспорт қилинган.
Шунингдек жорий йилнинг биринчи чораги мобайнида 18 минг 610 тонна қўрғошин концентрати экспорт қилиниб, бу борадаги режа қарийб 358 фоизга бажарилган.
Айни пайтда комбинатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар асосан Туркия, Украина, Россия Федерацияси, Афғонистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Болгария, Нидерландия, Хитой, Польша, Озарбойжон давлатларига экспорт қилинмоқда.