“Экология ҳуқуқи” амалиёт шўбаси ташкил этилди
Бугунги кунда экологик қонунчиликни такомиллаштириш, атроф-муҳит муҳофазасига оид ҳуқуқий механизмларни янада кучайтириш ҳамда мамлакатимизда экологик ҳуқуқий маданиятни юксалтириш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Бу борада юридик таълим тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда экологик ҳуқуқ соҳасида етук мутахассислар тайёрлаш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди. Гап шундаки, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши ҳузурида Тошкент давлат юридик университетининг “Экология ҳуқуқи” амалиёт шўбаси расман фаолият бошлади.
Яқинда Ўзбекистон Экологик партияси ҳамда Тошкент давлат юридик университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми ва уни амалга оширишга қаратилган “Йўл харитаси” имзоланган эди. Мазкур келишув доирасида илгари сурилган ушбу ташаббус нафақат икки муассаса ўртасидаги ҳамкорликнинг мантиқий давоми, балки мамлакатимизда экологик ҳуқуқ соҳасида юқори малакали юридик кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг назарий билимларини ҳақиқий амалиёт билан мустаҳкамлашга қаратилган мутлақо янги ёндашув сифатида алоҳида аҳамият касб этади.

Амалиёт шўбасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Абдушукур Ҳамзаев ҳамда Тошкент давлат юридик университети ректори, ҳуқуқшунос, 2-даражали адлия маслаҳатчиси Бахшилло Ходжаев мазкур ташаббус юридик таълим мазмунини замон талаблари асосида бойитиш, экологик ҳуқуқ соҳасида илмий ва амалий салоҳиятни юксалтириш, талабаларнинг касбий компетенцияларини шакллантириш ҳамда таълим, илм-фан ва амалиёт интеграциясини мутлақо янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Янги ташкил этилган амалиёт шўбаси талабалар учун ҳақиқий тажриба мактабига айланади. Бу ерда улар экологик қонунчиликни қўллаш амалиёти, ҳуқуқий таҳлил, қонун ижодкорлиги, жамоатчилик экологик назорати ва ҳуқуқий тарғибот каби йўналишларда бевосита иштирок этиш орқали ўз билимларини амалиётда мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлади.

Қолаверса, ушбу ташаббус экологик ҳуқуқ соҳасида фақат билимли эмас, балки юксак амалий тажрибага эга, ташаббускор ва замонавий фикрлайдиган ҳуқуқшунослар авлодини тарбиялашга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА