Экологик таълим боғчадан бошланади
Мамлакатимизда аҳоли орасида экологик одатларни шакллантириш, таълим тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ҳамда эко-маданият соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнда “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ҳудудларда аниқ ва манзилли ишлар йўлга қўйилгани эътиборга лойиқ. Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалар экологик таълимни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

Қарорга мувофиқ, республиканинг барча ҳудудларида “яшил” техникумлар фаолияти йўлга қўйилиб, уларда таҳсил олувчилар сони босқичма-босқич ошириб борилади ва 2030 ўқув йилига қадар 10 минг нафарга етказилиши кўзда тутилган. Жумладан, Жиззах вилоят Зомин тумани “Ширин” массивида жойлашган 2-сонли политехникум 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб “яшил” техникум сифатида фаолият юритиши режалаштирилган. Шунингдек, ушбу таълим муассасаси ҳузурида дендрология боғлари барпо этилиб, назария ва амалиёт уйғунлиги таъминланади.

Айни қарор ижроси юзасидан Жиззах политехника институтида ҳам 2026 йил 1 сентябрга қадар яшил трансформация ва иқлим ўзгариши кафедрасини ташкил этиш белгиланган. Бу эса талабаларга атроф-муҳит муҳофазаси, яшил иқтисодиёт, барқарор энергия, иқлим ўзгариши ва чўлланишга қарши кураш каби долзарб йўналишларда чуқур билим олиш имконини яратади.
Ҳужжатда экологик тарғибот ва ташвиқот ишларига алоҳида эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас. Шу асосда Жиззах вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси томонидан 2026 йил учун аниқ вазифалар белгилаб олинган. Хусусан, мактабгача ва мактаб таълими тизимида экологик билимларни мустаҳкамлашга қаратилган “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” танлови, “Эко-заковат” интеллектуал мусобақаси, “Янги дарахт – янги нафас”, “Дарахтларга нафас беринг”, “Қушларга кўмак” каби акциялар ташкил этилмоқда.

Бу борада ёшларнинг фаоллиги тобора ортиб бораётгани қувонарли. Жумладан, “Сиз экологияга оид қонунларни биласизми?” танловининг республика босқичида Шароф Рашидов туманидаги 36-сонли умумтаълим мактабининг “Эко-сфера” жамоаси фахрли учинчи ўринни эгаллаб, муносиб рағбатлантирилди. Бу каби натижалар ёшларда экологик билим ва масъулият ҳисси мустаҳкамланаётганидан далолат беради.
Қарор ижроси доирасида яна бир муҳим янгилик – “Ёш эколог” кўкрак нишони таъсис этилиши бўлди. Ушбу рағбат тизими иқтидорли ва ташаббускор ўқувчи-ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг табиатга бўлган меҳрини янада оширишга хизмат қилади.
Мактабгача таълим тизимида ҳам экологик тарбияга алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. “Жажжи эколог” лойиҳаси доирасида болаларга илк ёшдан табиатга эҳтиёткор муносабатни сингдириш, уларнинг экологик онгини шакллантириш мақсад қилинган. Бу йўналишда дарслик ва қўлланмалар яратиш, “Яшил макон” ташаббусини тарғиб қилиш, “экологик йўлак”лар ташкил этиш каби ишлар амалга оширилмоқда.

Жиззах шаҳридаги 12-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида бу борада тўпланган тажриба эътиборга молик. Бир пайтлар қаровсиз ҳолга келган ҳудуд бугун обод ва яшил масканга айланган. Бу ерда ташкил этилган “Ота-оналар боғи”, “Эко-йўлак”, қушлар учун уялар ва яшил майдонлар болаларни табиатга ошно этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Машғулотларнинг очиқ ҳавода, табиат қўйнида ўтказилаётгани эса таълим самарадорлигини янада оширмоқда.
Муассаса раҳбари Мамлакат Эрматованинг таъкидлашича, болалар табиат билан мулоқот орқали дунёни англайди, унга меҳр қўяди ва масъулиятни ҳис этади. Ана шу ёндашув натижасида у нафақат тажрибали педагог, балки экологик таълимни амалиётга самарали татбиқ этган илғор раҳбар сифатида ҳам эътироф этилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар, айниқса, Президентимиз қарори ижроси юзасидан олиб борилаётган тизимли чора-тадбирлар экологик таълим ва тарбия уйғунлигини таъминлашда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Зеро, табиатга эҳтиром келажакка эҳтиромдир.
Замира Абдуллаева,
Жиззах вилоят экология ва иқлим ўзгариши
бош бошқармаси матбуот котиби.
ЎзА