Экологик назоратдаги камчиликлар учун беш нафар ҳудудий раҳбар лавозимидан озод этилди
Экологик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, атроф-муҳит муҳофазаси устидан назоратни кучайтириш ва фуқаролар мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдириш масалалари масъуллардан қатъий талабчанликни тақозо этади.
Бироқ, айрим ҳудудларда бу борадаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмагани танқид қилинди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси, Экополиция бошлиғи Азиз Абдуҳакимов раислигида экологик назорат соҳасидаги камчиликлар ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш чоралари самарадорлигига бағишланган кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Унда айрим ҳудудларда экологик назорат етарли даражада олиб борилмагани, чиқиндилар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни такроран содир этган шахсларни аниқлаш ҳамда маъмурий жавобгарлик чораларини тўғри қўллашда камчиликларга йўл қўйилгани қайд этилди.
Шунингдек, баъзи ҳудудларда атмосфера ҳавосига чиқариладиган ташламаларни назорат қилиш учун мониторинг ускуналарини ўрнатиш ва уларни электрон тизимга интеграция қилиш ишлари суст олиб борилган. Айрим хўжалик юритувчи субъектлар ускуналар ўрнатилгани ҳақидаги маълумотларни тизимга киритмаган, ҳисоботларни тақдим этмаган.
Фуқаролар мурожаатларида кўтарилган экологик муаммолар юзасидан ҳам айрим ҳолларда таъсирчан чоралар кўрилмагани танқид остига олинди.
Йиғилишда аниқланган камчиликлар учун масъулларга нисбатан қатъий чоралар кўрилди. Жумладан, Андижон вилояти Экология бош бошқармаси бошлиғи ва унинг ўринбосари, Наманган вилояти Экология бош бошқармаси бошлиғи ва унинг ўринбосари, шунингдек, Хоразм вилояти Экология бош бошқармаси бошлиғи эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Йиғилиш якунида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, экологик назорат самарадорлигини ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва масъулларнинг иш натижадорлигини кучайтириш бўйича тегишли топшириқлар белгиланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА