Экофестивалда талабалар фаол иштирок этди
Андижон шаҳрида экопарк ташкил этилганлигининг бир йиллиги муносабати билан экофестиваль ўтказилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик мусаффоликни таъминлаш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, “яшил майдон” ва жамоат парклари ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Андижон шаҳрининг Ўрикзор маҳалласи ҳудудида ташкил этилган умумий майдони 4 гектар бўлган экопаркка 50 дан ортиқ турдаги 5 минг тупдан зиёд дарахт ва гул кўчатлари экилди, 2 гектар майдонга чим ётқизилди. Экопарк ҳудудида аввал мавжуд бўлган 3 та фаввора қайта таъмирланди, яна 3 та ўзига хос кўринишга эга янги фаввора барпо этилди. Шунингдек, парк ҳудудида замонавий болалар майдончаси қурилиб, аттракционлар ўрнатилди. Бундан ташқари, ташриф буюрувчиларга эстетик завқ бағишловчи ландшафт дизайн асосида кичик майдончалар, суҳбатгоҳлар ташкил этилди.
[gallery-9158]
Ўтган бир йил ичида Андижон шаҳри марказидаги мазкур экопарк яшил ҳудуд сифатида аҳоли ва шаҳар меҳмонлари дам оладиган энг гавжум масканга айланди.
Вилоят ҳокимлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, вилоятдаги олийгоҳлар ва ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган экофестивалда талаба ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Экофестиваль доирасида экопарк ҳудудига янги кўчатлар ўтказилди, ёш мусаввирларнинг “Она табиатни асраймиз” мавзусидаги расмлар, олийгоҳ талабалари томонидан тайёрланган пишириқ ва салатлар кўргазмалари, “Ош танлови”, “Street workout” бўйича спорт мусобақаси ташкил этилди.
– Фестиваль давомида экопаркка турли кўчатлар ўтказдик, – дейди Андижон машинасозлик институти талабаси Мирзабек Ширинбоев. – Биз талаба ёшлар ушбу тадбирда иштирок этиб, шаҳримизда экологик мусаффоликни таъминлаш, кўкаламзорлаштириш ишларига ўз ҳиссамизни қўшганимиздан беҳад хурсандмиз.
Талабалар томонидан намойиш этилган бадиий дастурлар, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари иштирокчиларга хуш кайфият улашди.
Фестиваль якунида концерт дастури намойиш этилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА