
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелдаги тегишли қарорига асосан, 2024 – 2025 йилги иситиш мавсуми (ноябрь – февраль)да аҳолини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилган эди.
– Бу борада жойлардаги аҳолига зарур ижтимоий ёрдамлар қилиш борасида иш олиб борилди, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси раҳбари Миразиз Мирсултонов. – Хусусан, 62,1 мингта оилага 16,8 миллиард сўм миқдорида бир мартали моддий ёрдам тўлаб берилди. Биргина электр ва табиий газдан базавий меъёрдан ортиқча фойдаланган 18,7 минг оилага 4,0 миллиард сўм миқдорида компенсация тўловлари амалга оширилди. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2025 йил 2 апрелдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича эҳтиёжманд оилаларни янада кенгроқ қўллаб-қувватлаш мақсадида газ ва электр энергияси учун компенсация олувчиларни рўйхатга олиш жараёни бошланган. Ҳозирги кунга келиб, фақатгина Тошкент вилоятининг ўзида 40 минг нафардан ортиқ фуқаро рўйхатдан ўтган.

Ўрта Чирчиқ тумани Янгилик маҳалласида яшовчи Бибигул Наримбетова 2-гуруҳ ногиронлиги бор шахслар рўйхатида туради, кам таъминланган ва ёлғиз аёл. Унинг тарбиясида 1 нафар вояга етмаган фарзанди бор.
– Оиламиздаги ягона даромад ногиронлик пенсияси ва болам учун тайинланган нафақа. Яшаш шароитим оғир. Шу туфайли “Камбағаллик реестри”га киритилганман. 2024 йил қиш мавсумида газ ва электр энергияси бўйича давлат ёрдами асосида ариза топшириб, компенсация олдим. Бу йил ҳам Президентимиз қарори доирасида аризам қабул қилинди. Давлатимизнинг бундай эътиборидан жуда миннатдорман, – дейди Б.Наримбетова.

Бибигул опа бу имкониятдан оқилона фойдаланиб, газ ва электр энергиясини тежаб ишлатишни ўз олдига мақсад қилган. Ўтган йил ёз ойида у фойдаланган табиий газ тўловига жуда қийналган эди. Бу йил эса томорқасида етиштирилган помидорлардан қишга захира тайёрлаш, консерва ёпишни режалаштирган.
Мазкур тумандаги Ўртовул маҳалласида яшовчи Нодира Эртаева ва турмуш ўртоғи Бекзод Эртаев ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан. Оилада уч нафар фарзанд бор. Турмуш ўртоғи Б.Эртаев яқинда оёғи сингани сабабли ишлаш имконидан маҳрум бўлган.

– Оилавий ҳолатимиз жуда оғир. “Камбағаллик реестри”га киритилганимиз ҳам шундан эди аслида. Болалар нафақасини олгандик, лекин, ҳозир унинг муддати тугаган. Давлат томонидан кўрсатилаётган компенсация биз учун жуда катта ёрдам бўлди, – дейди Нодира Эртаева.
Оила тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилган. Қизлари Мадина ва Маликада бурун қисмининг шишмаси аниқланиб, жарроҳлик амалиёти учун ордер олинди. Тез орада уларнинг саломатлигини тиклаш чоралари кўрилади. Бу оила йил давомида газ ва электр энергияси бўйича компенсация олиш учун рўйхатга киритилди.

Умуман олганда, давлат томонидан жорий этилган ушбу ижтимоий дастур нафақат аҳолининг энергия харажатларини қоплаш, балки уларнинг соғлиғини асраш, фарзандларини таълим ва тарбия учун жалб қилишга хизмат қилмоқда. Бу эса ижтимоий адолат тамойилининг амалдаги ёрқин намунасидир.
А.Мусаев, ЎзА