"Е-qaror" – шаффоф тизим
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 июндаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига “E-qaror” электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан республиканинг барча даражадаги маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида “E-qaror” электрон тизими жорий этилди.
Қарорга асосан, “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилинаётган қарорлар ва фармойишлар, шу жумладан, хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган қарорлар ва фармойишларни ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш (чиқариш), рўйхатга олиш ва эълон қилиш жараёнлари мониторингини юритиш адлия органлари зиммасига юклатилган.
Сирдарё вилоят ҳокимлигида ташкил этилган тадбирда адлия бошқармаси томонидан 2022 йил давомида ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Унда вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликлари юридик хизмат ходимлари ва тегишли масъуллар иштирок этди. Тадбирни Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Тоғаев бошқариб борди.
Таъкидланганидек, 2022 йилда мониторинглар натижасида жами 161 та қарор ва фармойишлар қабул қилинишида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган бўлиб, мазкур ҳолатлар юзасидан киритилган 51 та тақдимнома ва 40 та огоҳнома натижасида 89 та қарор бекор қилинди, 5 та қарор қонунчиликка мувофиқлаштирилди.

Шу билан бирга, “E-qaror” электрон тизимидаги 41 та қарор ва фармойишнинг мақоми ўзгартириб чиқилди, 54 та асоссиз яширилган ҳужжатлар барча учун очиқ ҳолатга ва 48 та қонунга зид равишда очиқ ҳолатда қабул қилинган қарор ва фармойишлар ёпиқ ҳолатга ўтказилди.
Мулоқотда “E-qaror” электрон тизими бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ш.Суяров, ЎзА