Дунёда миллионерлар сони рекорд даражада кўпайди
Швейцариянинг UBS банки йиллик ҳисоботида жаҳонда шахсий бойлик тўплаш суръати сўнгги даврдаги энг юқори даражага етганини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги ёзган.
Молиявий бозор ривожланиши асносида дунё бўйлаб қарийб бир миллион нафар янги долларли миллионер пайдо бўлган. Афсуски, бу ижобий кўрсаткич бойлар ва камбағаллар ўртасидаги иқтисодий тафовутни ҳам сезиларли даражада кенгайтирган.
UBS банки “Global Wealth Report” тадқиқотига кўра, ўтган йил шахсий бойлик ҳажми глобал миқёсда 10,8 фоиз ошган. Бу рақам 2024 йил 4,6 фоиз, 2023 йил эса 4,2 фоиз эди. Экспертлар фикрича, ҳозир ер юзининг қарийб барча нуқталарида тарихан энг кўп миллионер истиқомат қилмоқда. Янги бойларнинг салкам ярми – 440 000 дан кўпи АҚШ ҳиссасига тўғри келади. Европада эса бойлик доллар қийматида тез суръат билан ўсишига еврога нисбатан қадрсизланиш асосий сабаб бўлди.
Дарвоқе, ҳисоботда хавотирли бир анъанага ҳам урғу берилган. Ўртача бойлик миқдори ошганига қарамай, 2020 йилдан буён жамиятдаги иқтисодий тенгсизлик янада чуқурлашган. Аҳолининг соф даромади ва ўрта қатлам аҳволини аниқроқ акс эттирувчи кўрсаткич аксарият давлатларда пасайган. Демак, ўта бадавлат инсонлар ва кенг халқ оммаси орасидаги иқтисодий жарлик борган сари катталашяпти.
UBS ушбу таҳлилни тайёрлашда дунёдаги жами бойликнинг 92 фоизи тўпланган 56 йирик бозорни ўрганиб чиққан.
Ф.Яхшибоева, ЎзА