Дунё суратларда
ЎзА ўқувчиларни жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалардан суратлар ёрдамида бохабар этишда давом этади.

Ғазо: Цирк санъаткори, устоз Аҳмад Абу Ҳалиб Исроил ҳужуми оқибатида жиддий зарар кўрган Ислом университетига қарашли бинода болалар учун томоша кўрсатмоқда.

Буюк Британия: Лондон мэри Содиқ Хон Оксфорд кўчасининг гавжум савдо ҳудудини пиёдалар учун доимий мослаштириш жараёни бошланиши муносабати билан ўтказилган фото сессияда дронга қараб турибди.

Индонезия, Бантен вилояти: Узоқ давом этган қурғоқчилик туфайли Кариан омборида сув сатҳи пасайиб, ғарқ бўлган Соманг қишлоғидаги масжид ва уй-жой қолдиқлари қайта юзага чиқди. Эркаклар мотоциклда шу ҳудуддан ўтяпти.

Мексика, Наукальпан: Миллий гвардия сафида хизмат қилувчи Командо лақабли чихуахуа зотли ит 1А ҳарбий қўналғада намойиш машқини бажаряпти.

Хитой, Аньхой: Уху шаҳрида Янцзи дарёси бўйлаб ўтадиган ўта юқори – 800 киловольт кучланишли ўзгармас ток узатиш лойиҳаси қурилишида энергетика мутахассислари ишлаяпти. Узунлиги 2 370 километр мазкур ток узатиш тармоғи мамлакат шимоли-ғарбидаги Ганьсу музофотидан шарқдаги Чжэцзян провинциясигача чўзилади. Мажмуа ишга тушгач, истеъмолчиларга йилига 36 миллиард киловатт-соатдан зиёд электр энергияси узатилади.

Швейцария, Цюрих: Зекселойтенплац майдони кузги манзара касб этган дарахтлар орасидан одамлар пиёда ва велосипедда ўтяпти.

АҚШ, Сент-Пол шаҳри: “Миннесота хизматкор аёллари” – “Handmaids of Minnesota” норозилик гуруҳи штат Капитолийси биносида акция ўтказди.

Франция: Пойтахт Париждаги намойиш чоғи полиция ходимлари оммавий тартибсизликка қарши махсус кийимда хизмат олиб борди.

Бразилия, Сан-Паулу: Мамлакат президенти сайловининг иккинчи босқичи олдидан ўтказилган митинг: амалдаги етакчи Луис Инасиу Лула да Силва бир қўлида байроқ, иккинчи қўлида Конституцияни ушлаб, оломонга миннатдорлик билдиряпти.
Фардона Яхшибоева, ЎзА