Дунё кезиб илм ўрганмоқ – Беҳбудийдан бизга ибрат
Кейинги йилларда мамлакатимизда жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, маърифатпарвар аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаёти, ибратли фаолияти, маънавий меросини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 27 декабрдаги “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори улуғ алломанинг миллатимиз, Ватанимиз озодлиги йўлидаги заҳматли саъй-ҳаракатларини янада кенгроқ тадқиқ этишда янги истиқболларни очиб берди.
Айтиш керакки, Беҳбудий меросини ўрганиш бўйича Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси томонидан ҳам кўплаб ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур академиянинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Иргаш Даминов бу ҳақда қуйидаги фикрларни билдирди.
– Беҳбудий ҳазратларининг Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясига ҳам дахли бор. Чунки у зот динни чуқур билган, Қуръонни ёд билган, ўзи даврида қози ва муфтий бўлган. Беҳбудий - тақвоси, ҳикматлари билан тарихга кирган Хожа Аҳмад Яссавий авлодидан эди.
Буни бугун эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Сабаби, юртимиздаги ислоҳотларнинг самараси ўлароқ, маърифатпарварликдек катта соҳаларнинг дарғалари ҳурмат, эътибор ва эъзоз топмоқда. Мен Маҳмудхўжа Беҳбудийни динни чуқур билувчи замонавий инсон сифатида тасаввур қиламан.
Бинобарин, у ўз замонасида ўтмиш билан келажакни боғловчи ришта сифатида намоён бўлган. Яъни, саводни диний мадрасаларда чиқарган ҳолда дунёга – замонавийликка интилган, талпинган. Беҳбудий тирикликни тарғиб қилган. Қалблар уйғонишини, миллат ўз қадрини теран англаган ҳолда очилишини истаган.
У ўзи мансуб миллатнинг дунёга тенглашишини истаган, ўзбек деган буюк халқ ҳам тили, ҳам маърифати билан донг таратишини хоҳлаган. Беҳбудий ёшлар камида тўртта хорижий тилни билиши керак, деб тарғиб қилган. Бу тиллар қозоқ, қирғиз, тожик ва туркман тиллари бўлиб, рус ва ғарб тилларидан бирини билиш фазилат эканини таъкидлаган.
Бу аслида ҳақиқий маънода ислом маърифатининг ҳам тарғиботидир. Чунки тилсиз бирор бир нарсага эришиб бўлмайди. Бу ёндашув, асли, мўътабар манбаларга мос, ҳамоҳанг эди. Чунки яқин қўшничилик ҳар даврда муҳим саналган.
Охирги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ минтақада ўрнатилган яқин қўшничилик муносабатлари, айтиш жоиз бўлса, Беҳбудий орзуси рўёбидир.
Маҳмудхўжа Беҳбудий чин маънода исломнинг маърифий шиорларини юзага чиқарган зотлардан эди. Аллома илмнинг ҳақиқий маънодаги мазмунини юзага чиқарди, уни дунёга тарғиб қилди.
Ҳаким Термизийдан “нур” деб аталган илм, Имом Бухорий асарларида “нажот”, дея мақталган илм маърифатпарвар бобомизнинг талқинида ўзига хос шакл ва мазмун касб этди. Жадидлар пешвоси бўлган бобомиз аждодлардан мерос бўлган илмни дунё кезиб ўрганишнинг алоҳида жиҳатларини замонавий усулда намоён қилди.
Унинг бу жадид янгилигини бугунги замонавий ҳожиларга ибрат ўлароқ тарғиб қилиш зарур. Зеро, Беҳбудий Ҳажга бориб ҳам илм ўрганди. Икки ибодатни – илм талаби ва Ҳажни жамлади. Аслида, бирор ибодат илмсиз амалга ошмайди. Шунга мувофиқ, Беҳбудий ўрганганлари, кўрганларини маърифат ўлароқ ўзи ташкил қилган журналларда эълон қилди.
Мен илм талабидаги сафарлар Бухорийлар, Термизийлар, Насафийлар, Самарқандийлар билан тўхтамагани, бу эзгу анъана Беҳбудий каби жадид боболаримиз томонидан изчил давом эттирилганини бугунги ёшларга эслатиш керак, деб ҳисоблайман.
Маълумки, мустақиллик сабаб кўплаб буюк аллома-аждодларимиз қатори Маҳмудхўжа Беҳбудий номи ва меросига ҳурмат қайтди. Эътироф қайтди. Айниқса, Президентимизнинг ташаббуси билан Беҳбудий номидаги махсус стипендия жорий этилди.
Ўтган беш йил давомида Халқаро исломшунослик академиясининг 14 нафар талабаси мана шу улуғмақом стипендияга муносиб кўрилди. Уларнинг кўпчилиги жадидлар, хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий хусусида бир нечта китоб ва рисолалар нашр эттирган, бир неча ўнлаб мақолалар эълон қилдирган.
Менинг кузатишларим шуни кўрсатмоқдаки, Беҳбудий стипендиясига талабгорлар Имом Бухорий стипендиясига бўлган номзодлардан кам эмас. Бу ҳам ўзбек ёшларининг жадид боболарига бўлган ҳурмати намунасидир. Демак, аллома-аждодларимиз, мутафаккир жадид боболаримиз бекорга яшамаган. Уларнинг эзгу интилишлари бесамар кетмаган.
ЎзА мухбири
Назокат Усмонова ёзиб олди.