Дубайга сайёҳлар оқими тезлашган
Ҳамкорларимиз саҳифаларида
Жорий йил январь-май ойларида Дубай шаҳрига 6,17 миллион сайёҳ ташриф буюрди, деб хабар беради “WAM” ахборот агентлиги.
Туризмга оид сўнгги маълумотлар Дубайнинг Иқтисодиёт ва туризм департаменти томонидан 2022 йилга мўлжалланган биринчи “Шаҳар брифинги”да эълон қилинди. Авиация, саёҳат, меҳмондўстлик ва чакана савдо каби туризм экотизимида фаолият кўрсатаётган 1200 дан зиёд етакчини бирлаштирган тадбирда манфаатдор томонлар ва ҳамкорларга соҳа ҳақида батафсил ахборот берилди, ривожланиш бўйича стратегия муҳокама қилинди.

– Дубай туризмининг муваффақиятли тикланиши глобал туризм тикланишига илҳом беришда давом этмоқда, шаҳарга бу йил ўтган йил шу даврга нисбатан 197 фоиз кўп сайёҳ келди, – дейди Дубай иқтисодиёт ва туризм департаменти бош директори Ҳилол Саид ал-Маррий. – Шаҳарнинг глобал иқтисодий ва туризм маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга йўналтирилган эътибор натижада намоён бўлмоқда. “Expo 2020 Dubai” самараси ўлароқ, барча сайёҳлик йўналишлари бўйлаб ўсиш таъминланмоқда. Дубайни энг кўп ташриф буюрадиган, келажак шаҳрига айлантириш каби улуғвор мақсад йўлида ишлаяпмиз.
Департамент маълумоти шуни кўрсатадики, жорий йил Дубай меҳмонхоналарининг сайёҳлар билан бандлиги кўрсаткичи 76 фоизни ташкил этмоқда. Ўтган йил бу кўрсаткич 62 фоиз эди. 2022 йил январь-май ойларида Дубай меҳмонхоналари бандлик бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллади. Шу давр мобайнида меҳмонхоналар бандлиги Нью Йоркда 61, Лондонда 60 ва Парижда 57 фоизни ташкил этади.
Дубай туризм ва тижорат маркетинги корпорацияси бош директори Иссам Козим ташриф буюрувчиларга зарур тушунча бериб, коммуникация бўйича янгиланишларни мужассам этган муфассал тақдимот ҳавола этди. Бутун дунё бўйлаб бахтли оилалар ва саёҳатчиларни ёзги таътил учун шаҳарга жалб этиш кампанияси йўлга қўйилгани, “Узоқроқ қолинг ва озроқ тўланг” акцияси 60 дан ортиқ меҳмонхона ва дам олиш маскани томонидан қўллаб-қувватланаётгани ажойиб ташаббус сифатида намоён бўлди. Мазкур акция меҳмонларга ажойиб чегирмалар таклиф этади. Масалан, сайёҳ меҳмонхонага беш кун учун ҳақ тўлаб, етти кун қолиши мумкин ёки уч кунга ҳақ тўлаб, беш кун меҳмон бўлиш имконини беради.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА